Бугун, 22 ноябрь куни Яшнобод туманидаги Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 20-ёнғин қутқарув қисмида пиротехника воситаларини йўқ қилишга қаратилган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумотларга кўра, божхона органлари томонидан жорий йилнинг 21 ноябрь ҳолатига кўра, ўтказилган тезкор тадбирлар ҳамда божхона назорати жараёнида жами 77 та ҳолатда қиймати салкам 1 млрд сўмлик, миқдори 7 млн 390 минг донадан ортиқ пиротехника буюмлари ушлаб қолинган.
Мазкур ҳолатлар бўйича 5 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлса, 53 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилган.
Шу йили ушлаб қолинган пиротхеника воситалари миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 баробарга ошган.
Божхона қўмитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда илк бор ва катта масштабда пиротехника буюмларини йўқ қилиш тадбирини ташкил этди.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги Фавқулодда вазиятлар бўлимининг 20-ёнғин қутқарув қисмида бўлиб ўтган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этишди.
Тадбирда Божхона, Ички ишлар ва Миллий гвардия томонидан ўтказилган турли тезкор тадбирлар давомида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган йирик миқдордаги яъни 4 млн 65 минг 562 дона пиротехника буюмлари дастлаб сувда бўктирилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди ва махсус ҳандакка кўмиб юбориш йўли билан йўқ қилинди.
***
Шу ернинг ўзида журналистлар учун матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда Божхона қўмитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги масъуллари иштирок этишди.
Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акрамжон Ахлимирзаевнинг маълум қилишича, йўқ қилинган пиротехника воситаларининг салкам 88 фоизи яъни 3 млн. 537 минг донаси сўнгги бир йил давомида бевосита божхона органлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган.
Масалан, 2023 йил 15 декабрь куни Тошкент шахар божхона бошкармаси Контрабандага карши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ўтказилган тезкор тадбирда Сергели туманида аввалдан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгилаган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва муқаддам турли йўллар билан республикамизга олиб кирилган 12 турдаги 162 минг 153 дона салютлар ва петардалар сақланаётгани аниқланган.
Қаранг-ки, ушбу ҳолатни содир этган шахс муқаддам ҳам айнан пиротехникка буюмлари савдоси билан боғлиқ жиноятга қўл уриб, судланган эди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2024 йил 3 октябрдаги хукмига кўра, бу гал фуқаро Жиноят кодексининг 1861-моддаси 2-қисми «а» банди (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) ва 2501-моддаси 3-қисми «а» бандида (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Йўқ қилиш жараёнида ушбу ҳолатга тегишли 162 минг 153 дона салютлар ва петардалар ҳам йўқ қилинди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 10 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси худудига пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 309-сонли қарорига мувофик, Ўзбекистон Республикаси худудида пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.