Бугун 21 ноябрь, 2025 йил, жума

O'ZB

Пойтахтда «пулли парковка» нархларини қайта кўриб чиқиш лозим

Пойтахтда «пулли парковка» нархларини қайта кўриб чиқиш лозим

Халқ демократик партияси (ХДП) депутатлари пойтахт инфратузилмасини яхшилаш, равон ва хавфсиз йўлларни барпо этиш, замонавий транспорт тизимини яратиш борасида сўнгги йиллардаги ижобий ўзгаришларни эътироф этиб, шаҳарда ташкил этилган автомобиллар учун пулли тўхташ жойларидаги нархларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини ёзмоқда.

Партия расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, пойтахт кўчаларида автомобил қўйиш жойларидан (шаҳар бўйлаб 14 мингга яқин пулли автомобил тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланган) фойдаланиш ҳақи соатига 12 минг сўмдан бошлаб белгилангани, тушаётган маблағлар бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик етишмаётгани жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, бундай тизим аҳолининг даромадлари ва имкониятларига мос бўлиши, ҳаётий зарур эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.

«Масалан, пойтахт маркази ва унга яқин ҳудудларда ишлаётган юртдошларимиз иш вақти давомийлиги бўйича автомобилларини 8 соат атрофида пулли тўхташ жойларида қолдиришига тўғри келмоқда. Демак, кунлик тўлов 100 минг сўм атрофида бўлиб, ойлик тўлов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ҳам ортиб кетмоқда. Бу эса фуқароларнинг ўртача даромадларига қанчалик тўғри келаётгани жиддий масалага айланмоқда.

Пулли тўхташ жойлари бизга ҳар томонлама яқин бўлган қўшни давлатларда ҳам ташкил этилган. Уларда тўхтаб туриш нархи бир неча баробар арзон. Демак, биздаги тариф миқдори иқтисодий мантиқ ва ижтимоий адолат мезонларидан анча узоқлиги кўринмоқда», – дейилади партия баёнотида.

ХДП, ўз навбатида, пойтахт пулли тўхташ жойлари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб, айрим таклифларини бермоқда.

Жумладан:

  • оммавий фойдаланишдаги хизмат учун ҳар қандай тариф ёки йиғим миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжлари инобатга олиниши зарур;
  • белгиланган тарифлар иқтисодий асосланиши, қайта кўриб чиқилиши, маблағлар қаерга тушаётгани, уларнинг қандай сарфланиши ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқланиши керак;
  • ижтимоий обектлар, хусусан, давлат тиббий муассасалари, давлат хизматлари кўрсатиладиган марказлар ва «Инсон» марказлари, шунингдек кутубхоналар олдидаги пулли тўхташ жойларидан маълум вақт давомида бепул фойдаланиш имкониятини яратишни назарда тутиш лозим;
  • савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзга эга шахслар учун бепул ажратилиши қатъий таъминланиши керак ҳамда мазкур меъёрни ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ;
  • қатор пулли тўхташ жойлари «қатнов қисмида тўхташ тақиқланади» белгиси ўрнатилган йўл қисмларида ташкил этилаётгани «пул тўланса – мумкин», деган хулосани бермоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра тўхташ тақиқланган жойда тўловдан кейин тўхташ мумкин бўлаётгани тенглик тамойилларига зиддир.
Киритилди: 23:57 20.11.2025. Ўқилди: 788 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!