Польша Ички Хавфсизлик Агентлиги мактаб ва масжидга ҳужумларни режалаштиришда гумон қилинган 17 ёшли ўсмирни ҳибсга олди. Унинг шахсини тинтув қилиш натижасида нацистлар рамзлари туширилган пичоқли қуроллар ва материаллар топилди.
Польшанинг RMF24 портали хабар беришича, ҳибсга олинган Польша фуқароси Павел Г. учта жиноятда айбланмоқда.
Ўсмир террорчилик фаолияти ва фашизм ҳамда нацизмни тарғиб қилиш каби мақсадларга эга бўлган уюшган жиноий гуруҳда иштирок этганликда айбланмоқда.
У шунингдек, миллий, этник, ирқий ва диний мансубликка асосланган нафратни қўзғатишда ҳам айбланмоқда.
Учинчи айблов бир нечта қотилликларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ. Терговчиларнинг сўзларига кўра, гумонланувчи қурол, ўқ-дорилар ва ҳарбий техника сотиб олишни режалаштирган.
Унинг квартирасини тинтув қилиш пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари пичоқлар, милтиқ найзаси, китоблар, ямоқлар ва фашистик ва нацистлар рамзлари туширилган бошқа материалларни топдилар.
Ўсмирнинг электрон қурилмаларида мактаб ва масжидга ҳужум қилиш режалари, шунингдек, қурол, ўқ-дорилар ва ҳарбий техника сотиб олиш ҳақида ёзишмалар топилди.
Гумонланувчи айбини тан олмади ва кўрсатма беришдан бош тортди. Суд уни уч ойга ҳибсга олди. Агар айбдор деб топилса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.