Польша расмийлари Google компаниясидан YouTube’да Исроил томонидан молиялаштирилган ва Ғазода очарчилик йўқлиги ҳақидаги реклама видеоларини олиб ташлашни сўради.
Польшанинг NASK дезинформацияни кузатиш маркази бу видеоларни “фойдаланувчиларни чалғитувчи” ҳамда YouTube қоидаларига зид деб баҳолаб, ўчиришни тавсия этди. Бироқ Google бу таклифни рад этиб, контент компания сиёсати ва қадриятларига мос келишини билдирди.
Исроилнинг Ташқи ишлар вазирлиги ва Варшавадаги элчихонаси кўмагида август ойидан тарқатила бошланган реклама видеоларида БМТ Ғазога ёрдам тарқатишни атайлаб тўхтатгани ҳақида айбловлар келтирилган. Айрим роликларда эса Ғазода очарчилик йўқлиги ҳақида тасвирлар берилган.
Польша Ташқи ишлар вазирлиги Исроил элчисини икки марта чақириб, расмий норозилик билдирган.