Покистон Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси сувлари тўғрисидаги шартномани тўхтатиш ҳақидаги баёнотини рад этди ва сув оқимини тўхтатишга қаратилган ҳар қандай уринишни уруш ҳаракати сифатида баҳолашини билдирди.
Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Шаҳбоз Шариф котибиятининг хабарномасида айтилган. Ҳужжатда таъкидланишича, сув Покистон учун ҳаётий муҳим ресурс бўлиб, аҳолиси учун жуда зарур. Унга киришни ҳар қандай нарх эвазига ҳимоя қилишларини айтишган.
Шу билан бирга, Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф Ҳиндистон Исломободга қарши "тажовуз тайёрлаётгани" ҳақида гапирди: "Биз тайёрмиз ва кутмоқдамиз." Бундан ташқари, Покистон томони Ҳиндистоннинг Пахалгам шаҳрида содир бўлган теракт пайтида сайёҳларнинг ҳалок бўлганидан ташвишга тушганини билдирди. Шунга қарамай, Покистон Ню-Деҳлининг реакциясини адолатсиз ва сиёсий мотивлаштирилган деб ҳисобламоқда.
Ҳинд сувлари тўғрисидаги шартнома 1960 йилда Жаҳон банки воситачилигида Ҳиндистон ва Покистон томонидан имзоланган.