Бугун 19 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Покистон Макка мудофаа шартномасини амалга оширишга тайёрлигини эълон қилди

Покистон Макка мудофаа шартномасини амалга оширишга тайёрлигини эълон қилди

Покистон ҳусийларнинг Маккага дрон ҳужумидан сўнг Макка мудофаа шартномасини амалга оширишга тайёрлигини эълон қилди.

Бу ҳақда Покистон мудофаа вазири Хавожа Асиф 17 сентябр куни маълум қилди.

"Исломобод Макка келишуви бўйича ўз бурчини бажаришга тўлиқ тайёр. Келишув Покистонга тааллуқли ва мамлакат ўз вазифасини адо этади", — деди Покистон мудофаа вазири Хавожа Асиф Geo News телеканалига берган интервюсида.

"Агар Маккага ҳужум қилинса, уни ҳимоя қилиш учун бирор шартноманинг ҳам ҳожати йўқ. Ислом оламининг муқаддас жойларини ҳимоя қилиш шартнома бўлмаган тақдирда ҳам бурчимиз ҳисобланади", — дея таъкидлади Асиф.

Хавожа Асиф мудофаа келишуви уч давлатдан бирининг ҳудудий яхлитлиги бузилган тақдирда, ўзаро ёрдамни назарда тутишини қўшимча қилди. У бу борада ҳеч қандай шубҳа йўқлигини ва Покистон ўз ҳарбий стратегиясини очиқ муҳокама қилмаслигини билдирди.

Асиф Покистон Саудиянинг муносабатини Эронга етказганини айтди. У Эрон давлат сифатида янги уруш фронтини очмайди деб ҳисоблашини билдирди. Вазирлар маҳкамаси вакили Эрон давлати ва нодавлат гуруҳлар ўртасида фарқ борлигини, бундай гуруҳлар расмий рухсатсиз ҳам ҳаракат қилиши мумкинлигини айтди.

Покистон расмийсининг баёноти Саудия Арабистони Макка шаҳри жанубида ҳусийларнинг дронини уриб туширганини маълум қилганидан сўнг янгради. Саудия тарафининг билдиришича, дрон 15 сентябр куни Макка ҳаво ҳудудига кирмасданоқ йўқ қилинган. Ҳусийлар эса Макка ёки бошқа исломий муқаддас жойларни нишонга олганини рад этди.

Август ойида Маккада Покистон, Туркия ва Саудия Арабистони ўртасида уч томонлама мудофаа шартномаси имзоланган эди. Ҳужжат жамоавий тийиб туриш тизимини белгилайди. Унга кўра, мамлакатлардан бирортасига қилинган ҳужум барчага қилинган ҳужум деб баҳоланади.

Киритилди: 09:25 18.09.2026. Ўқилди: 523 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!