Покистон “Банбян-ул-Марсус” (“Мустаҳкам девор”) номли йирик ҳарбий операцияни бошлади, деб хабар бермоқда Покистоннинг Geo TV телеканали хавфсизлик идораларидаги манбаларига таяниб.
Аввалроқ Покистон армияси Ҳиндистон томонидан ўз авиабазаларига ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилган ва жавоб чораларини кўришини билдирган эди. Ушбу базалардан бири Нур Хан – пойтахт Исломободдан 10 км узоқликдаги Равалпинди шаҳрида жойлашган жойлашган. Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб ҳаво ҳудуди 10 май маҳаллий вақт билан тушгача ёпилди.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакатнинг ядровий арсеналини назорат қилувчи Миллий қўмондонлик йиғилишини чақирди. Кейинчалик операция бошлангани ҳақидаги хабар Покистон ҳукуматининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳам эълон қилинди.
Нашр манбаларига кўра, операция доирасида Покистон армияси Ҳиндистон ҳудудидаги кўплаб стратегик нишонларга зарба беришни режалаштирган. Хабар берилишича, дастлабки зарбалар натижасида Ҳиндистон ва Россия ҳамкорлигида ишлаб чиқариладиган BrahMos гипертовушли ракеталари омбори йўқ қилинган.
Шунингдек, нашр манбалари маълумотига кўра, операция давомида Покистон Ҳиндистоннинг Удҳампур ва Патҳанкот авиабазаларига, армия бригадаси штаб-квартирасига ва йирик ҳарбий омборга зарба берган.
Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари, хусусан The Times of India газетаси ҳозирча Geo TV хабарларини тасдиқловчи зарбалар ҳақида маълумот бермаган. Шунингдек, Ҳиндистон расмийлари ҳам Покистон авиабазаларига уюштирилган ҳужумларга изоҳ бермаган.