Бугун 23 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Покистон элчиси: Ҳиндистон терроризмдан давлат даражасида фойдаланмоқда

Покистон элчиси: Ҳиндистон терроризмдан давлат даражасида фойдаланмоқда

Ҳиндистон узоқ вақтдан бери терроризмдан давлат даражасида восита сифатида фойдаланган.

Бу ҳақда Покистоннинг БМТдаги доимий вакили Асим Ифтихор Аҳмад жаҳон ташкилотининг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Дипломат Ҳиндистон билан кучайиб бораётган кескинлик, Жамму ва Кашмирдаги сўнгги ўзгаришлар ва минтақавий хавфсизлик масалалари ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Унинг қайд этишича, Исломобод БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг икки давлат ўртасида кучайиб бораётган кескинликни камайтириш учун воситачилик қилиш таклифини қўллаб-қувватлайди ва бу ташаббусга ижобий муносабатда. Доимий вакилнинг таъкидлашича, Покистон томони Бош котибни минтақага ташриф буюриб, вазиятни жойида баҳолашга чақирган.

Ҳиндистоннинг Покистонни терроризмни қўллаб-қувватлаганликда айблашига изоҳ берар экан, дипломат унинг мамлакати минтақада тинчлик ва барқарорлик тарафдори ва мулоқотга доимо очиқ эканини айтди: "Ягона ечим - мулоқот. Биз муҳокамаларга тайёр бўлсак-да, Ҳиндистон бу имкониятни қадрламайди".

Элчининг қўшимча қилишича, Ҳиндистон узоқ вақтдан бери терроризмдан ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун давлат даражасида восита сифатида фойдаланмоқда: "Покистон терроризмдан энг кўп жабр кўрган давлатлар қаторига киради. Ҳиндистон ўзининг ноқонуний ҳаракатларини яшириш мақсадида бу масалани манипуляция қилади".

2019 йилги Пулвама ҳужумига ишора қилиб, дипломат Ҳиндистон воқеадан сиёсий манфаатлар учун фойдаланганини ва август ойида Жамму ва Кашмирнинг махсус мақомининг бекор қилиниши минтақадаги кескинликни янада кучайтирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Покистон Ҳиндистоннинг Балужистон ва бошқа ҳудудлардаги террорчилик фаолиятини молиялаштиргани ҳақида бир неча бор далиллар келтирган.

Жамму ва Кашмирдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гапирар экан, элчи Ҳиндистон минтақадаги демографик ўзгаришларга қаратилган сиёсат олиб бораётганини таъкидлади.

"2019-йилда 370-модда бекор қилинганидан кейин минглаб Ҳиндистон фуқароларига Жамму ва Кашмирда яшашга рухсат берилди. Бу минтақа демографиясини сунъий равишда ўзгартиришга уриниш бўлиб, БМТ резолюцияларига зиддир".

Дипломат, шунингдек, БМТни дунёда тобора кучайиб бораётган исломофобия ҳолатларига қарши фаолроқ муносабатда бўлишга чақирди ва бу йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Ахмед ядровий таҳдид ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Покистон масъулиятли ядровий давлат сифатида ҳеч қачон қуролни таҳдид воситаси деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

“Умид қиламизки, Ҳиндистон ҳам худди шундай масъулиятни намоён этади”, - деди у.

Киритилди: 09:14 03.05.2025. Ўқилди: 1121 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!