Бугун 17 декабрь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

«Платинали» хавфсизлик: АҚШ Украина учун урушга киришга мажбур бўладими?

«Платинали» хавфсизлик: АҚШ Украина учун урушга киришга мажбур бўладими?

Сўнгги кунларда АҚШ ва Украина ўртасида Берлинда бўлиб ўтган музокаралар ортидан «платинали хавфсизлик кафолатлари» деган ибора халқаро сиёсат кун тартибининг марказига чиқди. Хўш, бу кафолатлар нима дегани? Улар Украинага НАТО аъзолигига тенг ҳимоя берадими? Ва энг асосийси — агар Россия яна Украинага ҳужум қилса, АҚШ автоматик равишда урушга киришга мажбур бўладими?

Оммавий ахборот воситаларида тарқалган маълумотларга кўра, АҚШ Украинага НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмоқда. Бу кафолатлар шартли равишда «платинали» деб аталмоқда — яъни олтиндан ҳам юқори даражадаги сиёсий ва ҳарбий мажбуриятни англатади.

Муҳими, бу – Украина НАТОга расман аъзо бўлади дегани эмас, аммо хавфсизлик кафолатлари НАТО аъзолари учун амал қиладиган тамойилларга яқин бўлади. Қолаверса, АҚШ Украинага ҳужум қилинган тақдирда, бефарқ қололмайди.

НАТО низомининг 5-моддасига кўра, агар альянс аъзоларидан бирига ҳужум қилинса, бу барчага қилинган ҳужум деб ҳисобланади. Бироқ кўпчилик ўйлаганидек, бу барча давлатлар автоматик равишда урушга киришади дегани ҳам эмас.

Ушбу моддада ҳар бир давлат жабрланган томонга ўзи зарур деб ҳисоблаган ёрдамни кўрсатиши мумкинлиги айтилган. Бу ёрдам эса қуролли куч ишлатишни ҳам, бошқа чораларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Аниқроқ айтилса, «платинали» кафолат ортидан АҚШ Украина учун урушга кириш мажбуриятини олмайди, аммо муҳим жиҳат бор: бундай ҳолларда АҚШ албатта жавоб қайтариши шарт бўлади. Бу жавоб ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва ёки ҳарбий-техникавий чоралар бўлиши мумкин.

Бу кафолатлар, аввало, Россияни тийиб туриш учун керак. Агар Россия Украинага қайта ҳужум қилса, АҚШнинг аралашиш эҳтимоли жуда юқори бўлади. Бу эҳтимолнинг ўзи Москва учун жиддий хавф ҳисобланиб, Россия АҚШ билан тўғридан-тўғри тўқнашув хавфини ҳисобга олишга мажбур бўлади.

Шунинг учун бу кафолатлар уруш чиқиши учун эмас, урушнинг олдини олиш учун таклиф қилинмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, Зеленский учун бу кафолатлар сиёсий жиҳатдан жуда муҳим. Яъни бу эҳтимолий ҳудудий муросани (айниқса Донбасс масаласида) жамиятга – «биз ер бердик, лекин хавфсизлик олдик» деган аргумент билан тушунтиришда ҳамда кафолатлар, шунингдек, Украина тикланиши ва Европа Иттифоқига интеграциясида муҳим ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда «платинали хавфсизлик кафолатлари» – НАТО аъзолиги бўлмаса-да, лекин унга жуда яқин механизм ва бу Россия учун жиддий тийиб турувчи омил.

Киритилди: Бугун 13:52. Ўқилди: 458 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!