2025 йил 1 ноябрьгача пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчиларга ўзлари ишлаб чиқарган ва импорт қилган маҳсулотлардан ҳосил бўладиган чиқиндиларни утилизатсия қилиш мажбуриятини юклаш бўйича меёрий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасида шу ҳақда маълум қилинган.
Амалга ошириш механизми
Таклиф этилаётган янги тизим 2026 йилдан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Бунда пластик маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчилар ёки қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар томонидан пластик чиқиндиларни йиғиб олиш, саралаш ва қайта ишлаш ташкил этилади. Йирик савдо объектлари, супермаркет, гипермаркет, бозорларда пластик тараларни қабул қилувчи (фандоматлар) ускуналар ўрнатилади.
Корхоналар ва импорт қилувчилар учун босқичма-босқич ишлаб чиқарувчиларнинг кенгайтирилган мажбуриятини юклаш тизими амалиётга татбиқ этилади. Мисол учун, алкогольсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи корхона пластик тараларини 2026 йилдан — 50 фоизга, 2027 йилдан — 75 фоизга ва 2028 йилдан 100 фоизга утилизатсия қилиш мажбуриятини олади.
Халқаро тажриба
БМТ томонидан 2022 йил 2 мартда пластик билан ифлосланишни қисқартириш, денгиз муҳитини ва экотизимни муҳофаза қилиш бўйича резолютсия қабул қилинган. Резолютсиянинг асосий тамойиллари этиб пластикдан фойдаланишни камайтириш, “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилини жорий этиш, қайта ишлатиш ва қайта ишлашни ўз ичига олган айланма иқтисодиётга ўтиш белгиланган.
Базел, Роттердам ва Стокголм конвенциялари ҳамда “Барқарор ривожланишга кўмаклашиш” Маркази тадқиқотлари ва таклифларига кўра, пластик чиқиндиларни бошқаришда ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларга ишлаб чиқарувчиларнинг “кенгайтирилган мажбурияти” тизимини қўллаш тавсия этилган.
Европа Иттифоқининг “Чиқиндилар тўғрисида” ҳамда “Қадоқлаш ва қадоқлаш чиқиндилари тўғрисида”ги директиваларига мувофиқ, Европа Иттифоқида маҳсулотларни йиғиш, қайта ишлаш ва якуний утилизатсия қилиш мажбуриятларини мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчига юкловчи ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган жавобгарлиги тамойили жорий этилган бўлиб, шу йўсинда ишлаб чиқарувчи атроф-муҳит учун безарар қадоқлаш турларидан фойдаланиши рағбатлантирилади. Ушбу тизимнинг татбиқ этилиши тажрибасини Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатларида, шу жумладан, МҲДнинг Россия, Беларус ва Қозоғистон мисолида кузатиш мумкин.
Кутилаётган натижа
Ушбу тизимнинг амалиётга жорий этилиши йилига 1,2 млн тонна пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрор фойдаланишга жалб қилиш йўли билан иккиламчи моддий ресурсларнинг тўпланиши ва фойдаланилиши даражасини оширишга хизмат қилади.
Чиқиндихона ва полигонларга жойлаштириладиган чиқиндилар миқдорини қисқартириш ҳамда полигонларнинг фойдаланиш муддатини узайтириш ҳам бу жараёндаги муҳим жиҳатлардан биридир.
Яна бир аҳамиятли тарафи шундаки, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, утилизатсия қилиниши, қайта ишланишининг ҳажми бўйича аниқ статистик маълумотлар шакллантирилади. Пластик маҳсулотларни тўлиқ қайта ишлашга жалб этиш иссиқхона газларини (СО(2) 75 фоизгача қисқартиришга имкон беради.
Чиқиндиларни қайта ишловчи маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, чиқиндиларини утилизатсия қилиш ва қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ривожлантириш ҳам борадаги асосий мақсад саналади.
Пластик чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга, жумладан, юқори нафас йўллари, асаб тизими, юрак, қон-томир ва аллергик касалликларнинг қисқартирилишига эришилади.