Пентагон Ҳегсет Signal мессенжеридаги чатда ҳусийларга берилган зарбалар ҳақида маълумот жойлаб, америкалик ҳарбийларни хавф остига қўйган бўлиши мумкинлигини билдирди.
CNN ва ABC News манбаларига кўра, Пентагон бош инспектори идораси текширув якунлари бўйича шундай хулосага келган.
Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет мессенжерда тарқатган маълумот махфий мақомига эга бўлган. Ҳисоботда айтилишича, вазир ахборотни махфийликдан чиқариш ваколатига эга бўлган бўлса-да, Signal мессенжеридан фойдаланмаслиги керак эди.
Инспекторга кўра, АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли расмийлари бу борада янада яхши тайёрланган бўлиши шарт.
Ҳегсет юборган хабарларда Яман ҳусийларига қарши режалаштирилган ҳарбий зарбалар ҳақида аниқ маълумотлар бўлган. Улар шу қадар батафсил эдики, улардан бирида: "Мана ҳозир айни шу пайт биринчи бомбалар тушади", деб ёзилган эди.
Ҳисоботда, шунингдек, Ҳегсет АҚШ зарбалари тафсилотларини бундай маълумотлардан хабардор бўлишга рухсати бўлмаган бошқа шахслар билан ҳам бўлишгани қайд этилган. CNN'нинг эслатишича, Ҳегсет бу маълумотларни хотини, акаси ва шахсий адвокати қатнашган чатда ҳам ёзган.
CNN манбаларига кўра, Ҳегсет бош инспектор билан суҳбатлашишдан бош тортган ва воқеа бўйича ўз версиясини ёзма равишда тақдим этган. Вазир ўз баёнотида чатда бўлишган маълумот махфий бўлмаганини ва у ошкор этилганда ҳарбийларни хавф остига қўйилмаганини таъкидлаган.