Чегирма кимларга берилади
Мазкур имтиёз Адлия вазирлиги томонидан 2026-йил 9-июль билан рўйхатдан ўтказилган 3849-рақами қўшма қарорда белгиланган Педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимлар рўйхатидаги ходимларнинг фарзандларига татбиқ этилади.
Маъмурий-бошқарув, техник ва хўжалик ходимлари мазкур педагогик лавозимлар рўйхатига кирмайди.
❓ Чегирмадан қандай фойдаланилади?
1️⃣ Талаба kontrakt.edu.uz ахборот тизими орқали тўлов-контракт шартномасини олиш бўйича ариза юборади.
2️⃣ Тизим орқали талабанинг педагог фарзанди эканлиги электрон тарзда текширилади ва тасдиқланади.
3️⃣ Тасдиқланганидан сўнг 30 фоизлик чегирма қўлланилади.
Ариза 2 иш кун ичида кўриб чиқилади ва чегирма бир ўқув йили давомида бир маротаба қўлланилади.
❓Энди энг муҳим савол: қанча тўланади?
Агар контракт суммаси 100 фоиз бўлса:
30 фоизи — чегирма;
70 фоизи — талабанинг тўлови.
Яъни талаба контрактнинг тўлиқ 100 фоизини эмас, фақат 70 фоизини тўлайди.
70 фоизлик тўловни икки хил усулда амалга ошириш мумкин:
1-усул — суммани тўлиқ тўлаш.
Талаба чегирмадан кейинги 70 фоизлик суммани бир мартада тўлайди.
2-усул — бўлиб-бўлиб тўлаш.
1-босқич: 25 фоиз
— 1-курсга тавсия этилганлар учун — 15-октябргача;
— 2-курс ва ундан юқори босқич талабалари учун — 1-октябргача.
2-босқич: яна 25 фоиз — 1-январгача.
Шунда жами тўлов 50 фоиз бўлади.
3-босқич: қолган 20 фоиз — 1-мартгача.
Шунда жами тўлов 70 фоизга етади.
Қолган 30 фоиз нима бўлади❓
Контракт суммасининг чегирмага тўғри келувчи 30 фоизлик қисми Давлат буджети маблағлари ҳисобидан 1-майгача олий таълим ташкилотига қоплаб берилади.
Аризалар қачон топширилади❓
Ҳозирда kontrakt.edu.uz ахборот тизимида вазирлик ва идоралар ўртасида ота-онанинг педагогик фаолиятини автоматик аниқлаш бўйича маълумотлар базаларини тизимга интеграция ишлари олиб борилмоқда.
Аризаларни қабул қилиш имконияти тез кунларда ишга туширилади. Ариза топшириш жараёни бошланганлиги ҳақида қўшимча эълон берилади.