Бугун 18 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Пахтачида мактаб ўқувчилари жанжали бир боланинг ҳаётига зомин бўлди!

Пахтачида мактаб ўқувчилари жанжали бир боланинг ҳаётига зомин бўлди!

Пахтачи туманида мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал содир бўлди. Оқибатда улардан бири вафот этган. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Унга кўра, ҳолат 14 май куни содир бўлган. Тумандаги 12-умумтаълим мактабининг 2 нафар 11-синф ўқувчиси ўзларининг ҳудудидан тахминан 10 км олисдаги Ёбу маҳалласига репетиторга боришган. Ўқув марказида улар ва тумандаги 1-умумтаълим мактабининг 3 нафар ўқувчиси ўртасида жанжал келиб чиққан.

Жанжал оқибатида Умиджон исмли ўқувчи воқеа жойида вафот этган. Унинг синфдоши эса оғир тан жароҳатлари билан Пахтачи тумани марказий шифохонасига ётқизилган. Уларни калтаклаган 1-умумтаълим мактабининг 3 нафар ўқувчиси 15 май куни ушланиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Вафот этган ўқувчи оилада ёлғиз ўғил экани, унинг онаси фарзанди ўқиган мактабда фаррош бўлиб ишлаши айтилмоқда. Шифохонага ётқизилган ўқувчининг аҳволи ҳозирча маълум эмас.

Содир этилган ушбу жиноят 1-умумтаълим мактабида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган. Унда Самарқанд вилояти ИИБ раҳбари Раҳмат Маматов ҳам қатнашган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

“Пахтачи туманининг Можар маҳалласида жаҳл-ғазаб туфайли бир оила бошига мусибат тушди. Вояга етмаган ёшлар жаҳлга берилиб, бу ўзаро жанжалга айланиб кетади. Оқибатда эса бир инсон умри хазонга айланди”, дейилади ИИБ хабарида.

Қайд этилишича, муҳокамада маҳалла еттилиги ўз фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани айтилиб, эндиликда ишни ҳамкорликда тўғри ташкил этиши юзасидан кўрсатмалар берилган.

Kun.uz ҳолат бўйича Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Бахтигул Қаршиева билан боғланди. У ҳолат бўйича тўлиқ маълумотга эга эмаслигини, маълумот олгач таҳририятга билдиришини маълум қилди.

Киритилди: 18:56 16.05.2025. Ўқилди: 478 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!