Эстония ҳарбий-денгиз кучлари ва НАТО авиацияси Болтиқ денгизида Россия портига йўл олган Габон байроғи остидаги нефть танкерини қўлга олишга уриниш қилди. Воқеа Фин қўлтиғи сувларида юз берди.
Маълум қилинишича, Эстония ҳарбий кучлари фуқаролик кемасини халқаро сувлардан чиқиб, уларнинг ортидан Эстония ҳудудий сувларига киришга мажбурламоқчи бўлган. У ерда улар кемани тўхтатиш ҳуқуқига эга бўлар эди. Бунинг учун Эстония ҳарбий-денгиз кучлари кемани уриб юбориш билан таҳдид қилган, вертолётдан икки марта десант туширишга уринган ва тактик авиация ёрдамидан фойдаланган.
Аммо кема экипажи эстониялик ҳарбийларни бортга қўйишни рад этган, Россиянинг Су-35 қирувчи самолёти эса Эстония флотини ўз ниятидан воз кечишга мажбур қилган.
Шундан сўнг Эстония Россияни ҳаво ҳудуди дахлсизлигини бузганликда айблади ва Россиянинг Эстониядаги вақтинчалик ишончли вакили Ленар Салимуллинни Ташқи ишлар вазирлигига чақиртириб, унга норозилик нотасини топширди.