Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича собиқ ўринбосари генерал Игор Романенко Espresso TV телеканалига берган интервюсида Россия “Искандер” мажмуаси баллистик ракеталарининг дастурий таъминотини модификация қилгани ҳақида маълум қилди.
Унинг айтишича, ракеталар йўналишнинг охирги қисмида янгича манёврларни амалга оширмоқда, бу эса уларни йўқ қилишни қийинлаштирмоқда.
"Patriot батареяларимизнинг ракеталарни самарали йўқ қилиш даражаси 42 фоиздан 6 фоизгача тушиб кетди", — дейди Романенко. Эксперт бу маълумотларни қаердан олганини аниқлаштирмади.
Унинг сўзларига кўра, Украина аллақачон “Искандер” тизимининг янги модификацияси ҳақида маълумот тўплаган ва уни Patriot мажмуасининг америкалик ишлаб чиқарувчиларига етказган.
"Улар бунга муносабат билдириши, эҳтимол, ўз дастурий таъминотларини ҳам шунга мослаштиришлари зарур", — дейди украиналик эксперт.
Маълумот учун, сўнгги пайтларда Россия Украинанинг муҳим инфратузилма объектларига оммавий зарбалар бермоқда. Натижада электр станциялари ҳам вайрон қилинмоқда. Шу билан бирга, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари аввалгига қараганда камроқ баллистик ракеталарни уриб туширмоқда.