Арманистон бош вазири Никол Пашинян 28 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммитида иштирок этишдан бош тортди. Бу ҳақда “Российская газета” хабар берди.
Пашиняннинг матбуот котиби Назели Багдасарянга кўра, “Арманистон Республикасининг КХШТ фаолиятидаги иштирокини музлатиш бўйича позицияси ўзгармади”. Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ҳам саммитга бормасликка қарор қилган.
Пашинян 2024 йил февралида Ереваннинг КХШТдаги иштирокини музлатиш ҳақида билдирганди. У мамлакатнинг бирлашмага аъзолиги давом этиши, аммо у музлатилишини маълум қилди. Пашиняннинг фикрича, ташкилот 2020 йилда Тоғли Қорабоғдаги можаронинг кескинлашуви муносабати билан ўз мажбуриятларини бажармаган.
27 ноябрда, Беларусь президенти Александр Лукашенко КХШТ саммитида қатнашиш учун Остонага етиб келди. Ундан олдинроқ Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон пойтахтига учиб келганди. 28 ноябрь куни эса Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ташрифи амалга ошди.
КХШТ саммитида иштирокчи мамлакатлар делегациялари минтақавий ва халқаро хавфсизликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади. Йиғилиш якунида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинади.