Пашиняннинг таъкидлашича, Ереван ва Брюссель ўртасидаги муносабатлар тарихдаги энг юқори даражага етган. У бунга мисол сифатида 5 май куни Ереванда бўлиб ўтган Арманистон — Европа Иттифоқи биринчи саммитини келтирди.
Маълумотларга кўра, март ойида Арманистон парламенти мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган. Ноябрь ойи бошида эса Пашинян Euronews телеканалига берган интервьюсида 2027 ёки 2028 йилларда ЕИга аъзолик учун расмий ариза топшириш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган.
Шу билан бирга, Арманистон ҳозирча Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоси бўлиб қолмоқда. Май ойида Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари Ереванни ЕИ ва ЕОИИ ўртасида танлов қилиш масаласини референдум орқали ҳал этишга чақирган эди.
Бироқ Пашинян мамлакат ЕИга аъзолик учун расман ариза топширмагунча ёки номзод мақомини олишга яқинлашмагунча бундай талабни қабул қилмаслигини билдирган.
Айни пайтда, Москва ва Ереван ўртасидаги муносабатлар совуқлашиши фонида Россия сўнгги бир йил давомида Арманистон товарларига нисбатан бир неча бор савдо божларини жорий этган.