«Паралимпия спорт турларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар паралимпия спорт турларини (параенгил атлетика, парадзюдо, паратаэквондо, парасузиш, парапауэрлифтинг, параўқ отиш) янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг паралимпия спорт турларига қизиқишини ошириш ҳамда зарур шарт-шароитларни яратиш;
- терма жамоалар учун спорт захирасини яратиш, иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш.
Паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашнинг қуйидаги такомиллаштирилган тартиби жорий этилади:
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг имконияти ва қизиқишига қараб, уларнинг бошқа соғлом спорт гуруҳларида ҳам шуғулланиши ҳамда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишига шароит яратилади;
- ҳақиқий талабдан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудда айрим давлат спорт мактаблари паралимпия спорт турларига ихтисослаштирилади;
- паралимпиячиларни тайёрлашда уларнинг ногиронлик тоифасини (классификациясини) барвақт аниқлаш амалиёти жорий этилади;
- паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг пухта тайёргарлигини ташкил қилиш учун ҳар бир спорт тури бўйича алоҳида спорт базалари бириктирилади.