COVID-19 пандемиясининг халқаро туризмга катастрофик таъсири туфайли жаҳон иқтисодиёти 2020 ва 2021 йилларда 4 трлн доллардан кўпроқ зарар кўриши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Янгиликлар хизмати БМТ савдо ва ривожланиш бўйича конференциясининг (ЮНКТАД) ҳисоботига асосланиб хабар берди.
Ҳисобот муаллифлари таъкидлашича, 2020 йилда халқаро туризм ва бир-бири билан чамбарчас боғлиқ соҳалар 2,4 трлн доллар миқдорида зарар кўриб бўлган. Ушбу кўрсаткич билан таққосланадиган йўқотишларни бу йил ҳам қайд этиш мумкин.
Шундай қилиб, 2020 йил январидан декабригача бўлган даврда дунёда чет эллик сайёҳлар сони бир млрд кишига ёки 73 фоизга камайди. 2021 йилнинг биринчи чорагида олинган маълумотлар ушбу кўрсаткич 88 фоизга пасайганлигини кўрсатмоқда.
Ҳисобот муаллифларининг фикрига кўра, туризм соҳасининг тикланиши кўп жиҳатдан COVID-19 га қарши вакциналардан фойдаланиш имкониятининг мавжудлигига боғлиқ. Ҳисоботда коронавирусга қарши эмлаш жуда нотекис эканлиги кўрсатилган: баъзи ҳудудларда аҳолининг бир фоизидан камроғи, бошқаларида 60 фоиздан кўпроғи эмланган. Натижада, кўпгина ривожланган мамлакатларда туризмдан йўқотишлар камайиб бормоқда ва ривожланаётган мамлакатларда кўпаймоқда.
Туризм соҳаси Франция, Германия, Швейцария, Буюк Британия ва АҚШ каби мамлакатларда тезроқ тикланиши кутилмоқда. Шунга қарамай, экспертларнинг фикрига кўра, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам чет эл туризмининг тўлиқ тикланишини 2023 йилдан олдин кутиш керак эмас.
Ривожланаётган мамлакатлар пандемия туфайли энг катта йўқотишларга дуч келмоқдалар: улар 2020 йилда дунёдаги сайёҳлар сонининг 60−80 фоизга кескин пасайишига дуч келишди. Шимолий-шарқий ва Жануби-Шарқий Осиё, Океания, Шимолий Африка ва Жанубий Осиё энг кўп зарар кўрди.
Ҳисоботга кўра, туризмнинг пасайиши ишсизларнинг ўртача 5,5 фоизга ўсишига олиб келади. Иқтисодиёти туризм бизнеси билан юқори даражада боғлиқ бўлган мамлакатларда бу кўрсаткич 15% гача бўлиши мумкин.