Фарғонада адашиб беморнинг соғлом оёғини кесган ва унинг ўлимига сабабчи бўлган шифокор жиноий жазога тортилди.
Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, шифокор Абдубанноп Мадолимов Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббий маркази Фарғона филиалининг хирургия бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Бемор Адинахон Исомитдинова 2024 йил 18 октябрда фарзандлари томонидан филиалга олиб келинган. Унга “қандли диабет иккинчи тури оғир шакли, декомпенсация босқичи, ДТС нейроишемик шакли, Вангер-4, чап оёқ болдир соҳасида ампутациядан кейинги ҳолат тизза бўғими майдаланиб синиши” ташхиси қўйилган.
Абдубанноп Мадолимов 2024 йил 9 сентябрдан 2024 йил 25 октябрга қадар ўз ҳисобидан таътилда бўлган. Бу вақтда бўлим мудири вазифасини вақтинча бажариш Д.Равшанов зиммасига юклатилган.
Бироқ шундай бўлишига қарамай Абдубанноп Мадолимов 2024 йил 18 октябр куни бўлимнинг вақтинча мудирини гўёки тажрибасиз сифатида кўрсатган ҳолда бемор А.Исомитдиновани даволаш ҳамда жарроҳлик амалиёти ўтказиш ишларидан ўзбошимчалик билан четлатган. Сўнгра беморнинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, бирор-бир тиббий кўрсатма бўлмагани ҳолда унинг “чап оёқ сон соҳасини ампутация қилиш” режасини ишлаб чиққан. Бу режани тиббий ҳужжатлар тарихига бўлимнинг вақтинчалик мудири номидан расмийлаштирган.
Жарроҳлик амалиёти 2024 йил 19 октябр куни Абдубанноп Мадолимов томонидан ўзбошимчалик билан танланган тиббиёт ходимлари ва тиббий соҳада мутахассисликка эга бўлмаган талаба иштирокида ўтказилган. Аммо жарроҳлик амалиёти пайтида беморнинг бирон-бир касаллик асорати бўлмаган ўнг оёғи сон соҳасидан кесиб ташланган. Шифокорлар кейинчалик аёлнинг чап сон соҳасини ҳам кўр-кўрона ампутация қилишган.
Соғлом тана аъзоси кесиб ташланиши ҳамда бир вақтнинг ўзида икки оғир турдаги жарроҳлик амалиётини кўтара олмаслик оқибатида бемор 2024 йил 7 ноябр куни вафот этган.
Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг 2025 йил 6 майдаги ҳукмига кўра Абдубанноп Мадолимов Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 45-моддаси қўлланиб, 3 йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида раҳбарлик ва шифокорлик вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шифокордан жабрланувчининг қонуний вакилига 27 млн 806 минг сўм моддий ва 80 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Жиноят иши Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апеллция инстанциясида кўриб чиқилган.
Абдубанноп Мадолимов апелляция шикоятида ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги, беморнинг ўлими унинг ҳаракатлари билан боғлиқ бўлмагани ҳақида важлар келтирган ҳамда суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. Жабрланувчининг қонуний вакили эса апелляция шикоятида шифокордан 28 млн 995 минг сўм моддий ва 350 млн сўм маънавий зарар ундиришни сўраган.
Апелляция инстанциясининг ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилган.