Бугунги кунда дунёда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 269 миллион кишига етган. БМТ вакиллари барча давлатлардан гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга сарфланадиган харажатларни камайтирмасликка чақирмоқда.
Қабул қилинаётган чораларга қарамай, бугунги кунда дунёда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар сони 269 миллион кишига етган. Уларнинг ўн миллиони гиёҳвандга айланиб қолган одамлардир. Пандемия пайтида ушбу одамларнинг аксарияти зарур таъминотдан маҳрум бўлиши натижасида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиганлар ўз маҳсулотларини сотиш учун ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланишга бўлган ҳаракатлари кучайган. Бу ҳақда БМТ Гиёҳванд моддалар бўйича комиссиясининг 64-сессиясида маълум қилинди.
БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Фатҳи Валининг таъкидлашича, гиёҳвандлик муаммосини ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчиларни жиноятчи эмас, балки жабрланувчи сифатида даволаш ва гиёҳванд моддаларга бўлган талаб ва таклифни камайтириш бўйича самарали сиёсат ишлаб чиқилиши керак.
Ушбу стратегиялардан бири умидсизликка учраган одамларни, айниқса ёшларни, гиёҳванд моддалардан таскин излашга мажбур қиладиган қашшоқлик ва ишсизликка қарши курашиш керак.
«Вазиятни Сovid-19 пандемияси оғирлаштирмоқда. Инқироз натижасида қашшоқлик ва ишсизликнинг ўсиши айрим тоифадаги одамларнинг кўпроқ заифлигига олиб келди», - деди Гада Фатҳи Вали.
У инқирозга қарамай, барча давлатларни гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашга сарфланадиган харажатларни камайтирмасликка чақирди ва 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейин бундай пасайиш гиёҳвандликнинг кўпайишига олиб келганини эслатиб ўтди.
Халқаро гиёҳванд моддаларни назорат қилиш кенгаши президенти Корнелис де Ёнхернинг айтишича, бутун дунёда гиёҳванд моддаларга бўлган талаб йилдан йилга ортиб бормоқда. Шу билан бирга, гиёҳванд моддаларнинг қора бозори, айниқса пандемия пайтида, ижтимоий тармоқлар орқали янада кенгаймоқда ва талаб ортмоқда.
Наркотик моддалар бўйича комиссия 1946 йилда ташкил этилган. Унинг таркибига БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (ECOSOC) томонидан тўрт йил муддатга сайланган 53 давлат вакиллари киради. Комиссиянинг асосий вазифаси гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни назорат қилиш бўйича халқаро шартномаларнинг қўлланилишини назорат қилишдир.