Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг айтишича, якшанба куни Озарбайжон ҳарбийлари Тоғли Қорабоғдаги катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи шаҳар Шушани қўлга киритди. Аммо, Арманистон расмийлари бу хабарни рад этган.
Арманлар тилида Шуши дейилувчи ушбу шаҳар ҳар икки томон учун ҳам маданий ва стратегик аҳамиятга эга. Шуши Тоғли Қорабоғдаги энг йирик шаҳар Степанакертдан 15 километр жанубда жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ сабаб юзага келган уруш 27 сентябрдан бери давом этмоқда. Ҳозиргача мазкур можаро сабаб 1000 дан ортиқ одам қурбон бўлди. Халқаро қонунларга кўра, Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг ҳудуди ҳисобланди. Аммо, бу ердаги аҳолининг кўпчилиги арманлар бўлиб, улар Тоғли Қорабоғ назоратини ўз қўлларига олишган.