Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг таклифига биноан жорий йилнинг 14 апрель куни Озарбайжон Республикаси Молиявий мониторинг хизмати Бошқарув Раиси Заур Фатизада бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Бош прокурор ўринбосари – Департамент бошлиғи Шамсиддин Сохибназаров ва Озарбайжон Республикаси Молиявий мониторинг хизмати Бошқарув Раиси Заур Фатизада ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Конструктив мулоқот давомида томонлар жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш, шунингдек икки давлат молиявий разведка бўлинмалари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Озарбайжон делегациясига Департамент органларининг асосий фаолияти, хавфларни баҳолаш маркази, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар таништирилди.
Бундан ташқари, Озарбайжон делегацияси Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейига ташриф буюриб, идоранинг кўп йиллик тарихи, унинг тажрибаси ва фаолияти билан яқиндан танишдилар.