Давлат олий таълим муассасалари ўртасида қишки ўқишни кўчириш 20 декабрдан бошланади. Бу ҳақда “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Қайд этилишича, бу жараён фақат икки турдаги узрли сабаблар асосида ва фақат офлайн тарзда, талаба ёки унинг яқин қариндоши томонидан шахсан ҳужжат топшириш орқали амалга оширилади.
Маълумотга кўра, қишки ўқишни кўчиришда фақат давлат олий таълим муассасалари ўртасида ва қуйидаги икки узрли сабаб асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилади:
Талаба оила қурган тақдирда, турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириш истагида бўлса;
давлат органлари ходимининг иш жойи ўзгарганда, унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчирмоқчи бўлса (бу ҳолда тегишли вазирлик/идора раҳбарининг тавсия хати талаб этилади).
Аризалар 20 декабрдан 20 январгача ҳудудий ишчи гуруҳларга офлайн шаклда топширилади. Онлайн ариза қабул қилинмайди, сайт орқали тўлдириш кўзда тутилмаган.
Талабалар (ёки уларнинг яқин қариндошлари) қуйидаги ҳужжатларни шахсан тақдим этади:
Ўқишни кўчириш бўйича ариза (бланка ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан берилади ва жойида тўлдирилади);
рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхаси (биттаси етарли);
паспорт нусхаси;
юқорида кўрсатилган узрли сабабларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар.
Қишки ўқишни кўчириш жараёнини муваффақиятли амалга ошириш учун масъул ОТМда ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, барча масалалар шу гуруҳлар орқали ҳал этилади.