Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг 04.07.2016 йилдаги суд буйруғига асосан қарздор Е.Турлановдан ундирувчи Г.Мадреймованинг фойдасига вояга етмаган фарзанди таъминоти учун қарздорнинг ойлик даромадларидан 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисида ижро варақаси Бюронинг Қўнғирот туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, қарздор ота бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан алимент пулларини ўз вақтида тўламай келгани оқибатида, тўпланган иш ҳужжатлари судга ўтказилиб, ушбу маъмурий иш суд томонидан мазмунан кўриб чиқилиб Е.Турланов МЖтКнинг 47(4)-моддаси билан айбли деб топилиб, маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.
Лекин, шунга қарамасдан қарздор ота 13 ойдан ортиқ вақт мобайнида алимент пулларини тўламасдан келиш оқибатида алимент қарздорлиги 14,2 млн. сўмни ташкил этган.
Шу сабабли, унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари давомида унга келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлари тушунтирилди ҳамда маҳалла қўни-қўшнилар иштирокида суҳбатлар олиб борилди.
Натижада эса, қарздор томонидан ундирувчига алимент пуллари тўлиқ тўланди ва кўп вақт ўтмай собиқ турмуш ўртоқлар ярашиб кетди.
Шу сабабли, Бюронинг туман бўлими томонидан ишни ЖКнинг 66(1)-моддасига мувофиқ ЖПКнинг 84-моддаси 4-қисмига асосан қисқартириш масаласини кўриб чиқиш учун туман судига юборилди. Суд эса ишни тарафлар иштироқида кўриб чиқиб, Е.Т. ўз айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи Г.М. билан ярашиб, етказилган зарарни тўлиқ бартараф этганлиги сабабли, у жиноий жавобгарликдан озод этилди.