Венгрия Бош вазири Виктор Орбан парламент сайловларидаги мағлубият учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва натижаларни таҳлил қилишга ваъда берди.
"Рақамлар ўзи гапиради; бу аниқ мағлубият. Биз 2,3 миллион овоз олдик, рақибимиз эса 3,1 миллион овоз олди", деди у Патриота порталига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, "Фидес" партиясининг мақсади уч миллион овозни олиш эди, шунда унинг сиёсий кучи мамлакатни янгилаш учун етарли бўлади. Бироқ, уларнинг сайловолди ташвиқоти сайловчилар иштироки олдинги сайловлардагидек - 70 фоиздан сезиларли ошмайди деган тахминга асосланган эди.
Сиёсатчи мағлубият учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва "илгари овоз бермаган, аммо янги келган" сайловчилар нима сабабдан унга қарши овоз берганини таҳлил қилишга ваъда берди.
У ўзининг асосий муваффақиятсизлигини "Пакш" атом электр станцияси қурилишининг тўлиқ якунланмагани деб билишини айтди. Орбаннинг таъкидлашича, агар АЭС қуриб битказилганда, бугун Венгрия иқтисодиёти анча яхши аҳволда бўлар эди.
Айни дамда "Пакш" атом электр станцияси Венгрия электр энергия таъминотининг деярли ярмини таъминламоқда. "Росатом" билан ҳамкорликда бошланган лойиҳага кўра иккита янги энергия блоки ишга туширилгандан сўнг, бу улуш икки баравар кўпайиши кутилмоқда. Мамлакат раҳбарияти ядро энергияси энергия хавфсизлигини таъминлашнинг калити эканлигини бир неча бор таъкидлаган.