Оқ уй спикери Майк Жонсонга йўллаган мактубида ёзилишича, АҚШ Конгресси Киевга ёрдам кўрсатиш учун қўшимча маблағ ажратишни маъқулламаса, АҚШнинг йил охиригача Украина учун қурол-яроғ ва техника сотиб олиш учун ресурслари тугайди.
Оқ уй бошқарув ва бюджет бюроси директори Шаланда Янг: “Бизда пул етишмаяпти ва деярли вақтимиз ҳам йўқ", — дея маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Америка қурол-яроғи ва жиҳозларини етказиб беришни тўхтатиш нафақат Украина эришган муваффақиятларни хавф остига қўяди, балки Россия ҳарбийларининг ғалаба қозониш эҳтимолини ҳам оширади.
"Ноябр ойи ўрталарига келиб Пентагон Украинага ёрдам бериш учун олган 62,3 миллиард долларнинг 97 фоизидан фойдаланди", — дея қайд этди Оқ уй.
"Агар бизнинг ёрдамимиз тўхтатилиб қўйилса, бу Украина учун жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Дунё бўйлаб иттифоқчиларимиз кўпроқ ҳаракат қилишган бўлса-да, АҚШнинг ёрдами жуда муҳим ва уни бошқалар тўлдириб бера олмайди", — дея таъкидлади Оқ уй. АҚШ ҳарбий пакетлари ёрдами аллақачон камайган ва етказиб бериш чекланган.