UzAuto Motors компанияси 29 май куни соат 14:40 да Сhevrolet Malibu XL автомобили учун контрактация қайта бошланганини маълум қилди.
Компания бугундан бошлаб ҳар бир мижоз автомобилни ўзига ёққан рангда, керакли модификациясида танлаш имконига эгалигини хабар қилди.
Лекин орадан бир соат ҳам ўтмай, соат 15:22 да барча шартномалар якунлангани маълум қилинди. Расмий хабарда нечта шартнома тузилгани очиқланмаган.
Қайд этиш лозим, соат 14:58 ҳолатида ҳам, Uzavtosavdo.uz сайтида Malibu XL автомобили учун шартнома олиш имконияти бўлмаган.
Маълумот учун, UzAuto Motors Malibu сотувини апрел ой бошида тўхтатганди.