Оқ уй Microsoft ва бошқа бир қанча IT-компанияларини PERM визаси ва яшил карта дастуридан вақтинчалик тўхтатиб қўйганини эълон қилди.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Меҳнат вазири Кит Сондерлинг виза фирибгарлигига қарши кураш бўйича матбуот анжуманида бу ҳақда эълон қилишди.
"Биз Microsoftни PERM дастуридан четлаштиришга қарор қилдик. Бу шуни англатадики, улар энди хорижий ишчиларга H1-B визалари ва Қўшма Штатларда доимий яшовчи мақомини таклиф қила олмайдилар. Microsoft ва бошқа ҳар қандай америкалик ёки хорижий компанияларга бизнинг хабаримиз оддий: биз сизнинг Қўшма Штатларда гуллаб-яшнашингизни истаймиз. Лекин сиз америкалик ишчиларни ишдан бўшатиб, уларни арзон хорижий ишчи кучи билан алмаштира олмайсиз", деди Вэнс.
Сондерлингнинг қўшимча қилишича, Microsoftдан ташқари, хорижий ишчи кучини фаол равишда ишга олувчи бошқа IT-компаниялари, жумладан, Adobe, Cognizant , Infosys, Tata Consultancy Services , Wipro , HCL Technologies ва Capgemini ҳам четлаштирилган. Унинг сўзларига кўра, 2009 йилдан бери улар учун тахминан 230 000 та H1-B визалари тасдиқланган.
2025 йил сентябрь ойида Меҳнат департаменти "Project Firewall" лойиҳасини ишга туширди, бу агентликнинг йирик IT-корпорациялари томонидан хорижий ишчи кучини ёллаш устидан назоратини кучайтирди. Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп H1-B визалари учун тўловни 100 000 долларгача ошириш тўғрисидаги фармон чиқарди. 2026 йил сентябрь ойи охирида Трамп буйруқни яна бир йилга узайтирди.