Бугун 26 июль, 2025 йил, шанба

O'ZB

Олти ойда давлат бюджетига 25,5 трлн сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди

A A A
Олти ойда  давлат бюджетига 25,5 трлн сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди

2023 йилнинг 1 ярим йиллигида Давлат бюджетига 25,5 трлн сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов маълум қилди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,5 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 24,7 трлн сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилди.

Шунингдек, ушбу давр мобайнида тадбиркорларга 4 трлн сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Имтиёз ва преференциялар, кечиктиришга рухсат берилган божхона тўловларининг миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга ёки 2,9 трлн сўмга ошди.

Тадбиркорларга берилаётган ушбу имтиёзлар уларнинг айланма маблағларини ортишига, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда корхоналарнинг экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилмоқда.

Тизимда рақамли божхона тамойилини кенг жорий қилиш ҳамда тадбиркорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб тўлаш”, “Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг пул маблағларини қайтариш” интерактив хизматлари амалиётга киритилди.

Божхона органларига халқаро курьерлик жўнатмаларига оид электрон маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш мақсадида “Е-транзит” дастури доирасида “Е-тижорат” модули ишлаб чиқилди.

Товарларни божхона экспертизасидан ўтказиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида, “Е-эксперт” ахборот тизими амалиётга жорий этилди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ташқи савдо айланмаси 20 фоизга ёки 4 млрд долларга, ҳаракатланган автотранспорт ва темир йўл вагонлари сони 49 фоизга ёки 640 мингтага, йўловчилар сони 2,5 баробарга ёки 12,5 млн нафарга ортган бўлсада, соҳани рақамлаштириш ҳисобига:

Соҳага 2,8 млн долл. миқдоридаги грантлар жалб қилиниб, божхона объектлари зарур назорат-техник воситалари билан таъминланди.

Хавфларни бошқариш ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш, аҳоли соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида божхона органлари томонидан ушбу даврда жами 9 915 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 496 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Шунингдек, божхона органлари томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги амалий ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Хусусан, Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник базаси ва инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри, Фарғона, Жиззах

ва Сирдарё вилоятларидаги 6 та “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида мукаммал таъмирлаш ҳамда реконструкция ишлари давом эттирилмоқда.

Республикамиз миқёсида қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилишини назорат қилиш йўналишида Давлатимиз Раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги 57-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида:

Энергетика ва Қурилиш вазирликлари, Божхона қўмитаси раҳбарларидан иборат Республика штаби ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича божхона ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, 37 мингга яқин объектлар мониторинг қилинди.

Қуёш панелларини ўрнатиш ва бу борада ҳаққоний ҳисоботлар юритилишини таъминлаш мақсадида божхона органлари томонидан “Яшил энергия” ахборот тизими ишлаб чиқилди.

Ушбу ахборот тизимида жорий йилда қуриб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идоралари бинолари, аҳоли хонадонлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларида бугунги кунга қадар ўрнатилган умумий қуввати 211,8 МВтни ташкил этувчи муқобил энергия манбалари тўғрисидаги маълумотлар қайд этилди.

Киритилди: 17:00 24.07.2023. Ўқилди: 1282 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!