Бугун, 1 август куни Париж шаҳрида давом этаётган ёзги Олимпия ўйинларининг олтинчи кунги мусобақаларида 9 та спорт турининг 18 медаллар жамланмаси учун қизғин беллашувлар бўлиб ўтади.
Дунё спорт ихлосмандларига ҳаяжонли лаҳзаларни тортиқ этаётган “Париж-2024” ўйинларининг бугунги баҳсларида мамлакатимиз спортчилари дзюдо, академик эшкак эшиш ва бокс мусобақаларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Дзюдочиларимиздан Музаффарбек Тўрабоев -100 килограммда ва Ирисхон Қурбонбоева аёллар ўртасидаги -78 кило оғирликда совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Музаффарбек Тўрабоев илк беллашувни Нурлихан Шархан (Қозоғистон) / Тома Никифоров (Бельгия) баҳси ғолиби билан ўтказса, Ирисхон Қурбонбоева япониялик Рики Такаяма билан рўбарў келади.
Шунингдек, академик эшкак эшиш мусобақаларида Анна Пракатень ярим финал стартида қатнашади.
Бугун куннинг иккинчи ярмида боксчиларимиз жангларга киришади.
Бугунги мусобақа дастурига кўра, 50 кило оғирликда Сабина Бобоқулова Таиланд вакили Чатамат Раксат билан, 63,5 килода Руслан Абдуллаев канадалик Вятт Санфорд билан, 66 килограммда Навбаҳор Ҳамидова АҚШлик Морелле Маккейн билан ҳамда 92 килограммда Лазизбек Мулложонов бразилиялик Марли Кено Мачадо билан рўбарў келади.
Кеча ўтказилган мусобақалар сарҳисобига кўра, Хитой терма жамоаси 9 та олтин, 7 та кумуш, 3 та бронза медали билан етакчиликка эришиб олган бўлса, иккинчи ўринга кўтарилган Франция вакиллари ҳозирча 8 олтин, 10 та кумуш, 8 та бронза медалига эга бўлиб турибди.
Етакчиликдан тушиб кетган Япония спорт делегацияси 8 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медали билан кучли учликка якун ясаган. Улардан кейинги ўринларда бораётган Австралия спортчилари 7 та, Буюк Британия ва Жанубий Корея 6 та, Америка Қўшма Штатлари эса 5 та олтин медаль жамғаришга муваффақ бўлган.