Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича янги қўлланма чиқарди.
Барча иш жойларини мунтазам равишда санитар ишловдан ўтказиш ҳамда қўлларни яхшилаб ювиш ЖСТнинг асосий тавсияси бўлиб қолмоқда. Қайд этилишича, умумий фойдаланишдаги буюмларни ушлагандан сўнг қўлларни совунлаб ёки спиртли дезинфекция воситалари билан ювиш лозим.
АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази (CDC) вирус одамдан одамга ҳаво орқали 2 метр масофадан юқиши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, вирус сақланиб қолган буюмларни ушлагандан кейин ёки касал одам билан қўл бериб кўришгач ювилмаган қўл бурун, оғиз ёки кўзга тегизилганида ҳам касаллик юқиши мумкин.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, коронавируслар металл ва пластик юзаларда 9 кунгача, инсон терисида эса 12 кунгача фаол ҳолатда бўлиши мумкин.
ЖСТ коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун ташкилот ва корхоналар раҳбарларига иш жойлари тозалиги ва гигиенасига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилмоқда. Стол-стуллар, телефонлар, клавиатуралар, зина ва эшик тутқичлари мунтазам равишда артиб турилиши керак, дейилади қўлланмада.