Қайд этилганидек, мамлакатимизда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш мақсадида замонавий талабларга жавоб берадиган 1 та республика, 14 та ҳудудий, 63 та туманлараро ОИТСга қарши курашиш марказлари ташкил этилди. Ушбу марказлар ва лабораториялар ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхис қўйиш учун тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, ушбу касалликка қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш борасида Хоразм вилоятида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган 9 ойда мобил лаборатория томонидан 79 та акция ўтказилиб, Шовот, Гурлан, Боғот, Янгиариқ, Ҳазорасп, Хонқа, Тупроққала Урганч туманлари ва Хивада 5 минг 567 нафар аҳоли ОИВ инфекциясига бепул, ихтиёрий ва аноним тарзда экспресс тест усулида текширилди. Шунингдек, 1200 нафар аҳоли вирусли гепатит “В” ва “С” касаллигига, 500 нафар шахс захм касаллигига текширилди.
Қонун ижроси доирасида Бухоро вилоятида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази, шунингдек, туманлараро ОИВ диагностик лабораторияларни замонавий даволаш ташхис қўйиш асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда уларни таъмирлаш-реконструкция қилиш бўйича муайян ишлар қилинган. Жумладан, ОИВ инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг барча қатлами тиббий текширувдан ўтишига қулайлик яратиш мақсадида туманлараро тиббиёт муассасаларида замонавий шароитлар яратилган.
Шу билан бирга, Бухоро вилоятида Вобкент ва Олот туманлараро ОИВ диагностик лабораторияларини талабга жавоб берадиган бинога кўчириш сингари масалаларни ҳал этиш ва уларни замонавий даволаш ташхис қўйиш асбоб-ускуналар билан жиҳозлашда айрим муаммолар мавжуд.
Йиғилишда депутатлар кун тартибидаги масалалар юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берди.