Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бир гуруҳ амалдорларга боғча ҳудудида туриб қандайдир бинони бузиш бўйича топшириқ бергани акс этган видео лавҳа тарқалди. Унда ҳоким ўзи назарда тутаётган биноларни ҳатто ичидаги одами билан кўмиб ташлашни буюрган.
“Боғча ҳудудига кирганларнинг ҳаммасининг ҳуқуқий ҳужжатларини кўтарасан. Йўғини ҳеч кимни эшитмасдан бузасан, Мўмин (Бухоро шаҳри ҳокими ўринбосари Мўмин Амонов – таҳририят). Суд-пуд демасдан, бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан. Нарсаси, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан. Бўлди энди, суд-пуд деб, ҳаммасини эркалатганимиз. Орқадан эшик очганнинг ҳужжатини кўрасан”, – деган Ботир Зарипов.
Шунингдек, вилоят ҳокими ИИБ бошлиғига агар қониқарли ишламаса, “тинчроқ туманга жўнатиб юбориши”ни айтган.
“Ўртоқ началник, сиз “ест”дан олдин... Кечаям вилоят ҳокими келяпти, мен кузатдим, бемалолроқ бўлгансизлар бутунлай шаҳарда. Бугун ҳам бу ерда аҳвол ҳаминқадар. Ё бу жиноятчиликка омил бўлувчи ҳолатларнинг олдини олинг, ё бўлмаса сизни тинчроқ туманга жўнатай. “Уже” мен топшириқ бердим. Тушундингизми? Ўзгариш қилинг”, деган ҳоким.
Ботир Зарипов шу ернинг ўзида бу масалага жавоб берадиган шаҳар ҳокими ўринбосарига интизомий жазо қўллашини билдирган. “Агар шаҳар бўйича ижтимоий соҳа объектлари мен айтган нуқтайи назардан танқидий кўриб тузатилмаса, у кишига жавоб берилади. Бу шаҳар ҳокимининг ҳамма ўринбосарларига “урок” бўлсин”, деган Ботир Зарипов.
Ҳолат қачон ва Бухоро шаҳридаги қайси боғча ҳудудида бўлгани маълум эмас. Ҳокимлик ҳозирча ҳолат бўйича муносабат билдирмади.