Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қизларнинг баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сир эмаски, жамият тараққиёти, оилалар фаровонлиги ва келажак авлод камолоти, аввало, аёлга бўлган эътибор, қизлар тарбиясига берилаётган юксак аҳамият билан чамбарчас боғлиқдир. Шу маънода, бугун мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, оила масалаларига тизимли ёндашиш ва қизларнинг саломатлиги ҳамда маънавий-интеллектуал ривожига қаратилаётган эътибор ўзининг амалий натижаларини бера бошлади.
Сўнгги йилларда давлат бошқарувини самарали ташкил этиш, иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш, фуқаролар ҳамда халқаро ҳамкорлар учун очиқ, шаффоф ва самарали муҳит яратишга қаратилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни тобора яхшиланиб бормоқда. Айниқса, гендер тенгликка оид кўрсаткичлар бўйича эришилаётган ютуқлар мамлакатимизда бу борада тизимли ва узоқни кўзлаган сиёсат олиб борилаётганини яққол намоён этмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг янгиланган методологиясига асосланган «Аёллар, бизнес ва қонун» индексининг 2026 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 100 дан 82,1 балл билан 190 давлат орасида 48-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич нафақат глобал ўртача натижадан, балки Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ўртача даражадан ҳам юқори бўлгани билан эътиборлидир.
Мазкур натижалар, энг аввало, хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқий муҳит яратиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилган аниқ чора-тадбирларнинг самарасидир. Давлат харидларида гендер омилини инобатга олувчи қоидалар жорий этилгани, аёллар тадбиркорлигини рағбатлантирувчи нормалар қонунчиликка киритилгани, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги айрим чекловлар қайта кўриб чиқилгани натижасида мамлакатимиз бир қатор индикаторлар бўйича максимал натижаларни қайд этди. Бу эса Янги Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи шунчаки декларатив чақириқ эмас, балки аниқ механизмлар ва амалий воситаларга эга бўлган ҳаётий сиёсат эканини кўрсатади.
Айни жараёнда қизлар масаласи алоҳида устувор йўналиш сифатида намоён бўлмоқда. Чунки қизлар тарбияси — миллат тарбияси, қизлар саломатлиги — жамият саломатлиги, қизларга берилган эътибор эса келажак пойдеворига қаратилган эътибордир. Шу боис Тошкент шаҳридаги 244-сон умумтаълим мактабида таълим муассасаларида «Тенгдош–тенгдошга» тамойили асосида «Саломатлик сари ҳаракат» лойиҳасини ташкил этишга бағишланган тақдимот тадбири ўтказилгани айни муддаодир.
Лойиҳанинг асосий мақсади ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний ва руҳий саломатликни мустаҳкамлаш, тенгдошлар таъсири орқали профилактик механизмларни кучайтириш, эрта никоҳ ва эрта туғруқ, зарарли одатлар, стресс ва депрессия ҳолатларининг олдини олишдан иборатдир. Лойиҳа доирасида ҳар бир синф кесимида «Саломатлик волонтёрлари» танлаб олиниб, улар учун «Қизлар саломатлиги маркази» мутахассислари иштирокида ҳафталик мавзулар асосида онлайн тушунтиришлар ташкил этилиши, икки ҳафтада бир марта «Саломатлик куни» тадбирлари ўтказилиши, ойлик муҳокама йиғилишлари ва марказларга ташрифлар амалга оширилиши белгиланган. Бугунги кунда мазкур ташаббус «Қизлар тарбияси — миллат тарбияси» номи остида форумлар шаклида давом эттирилаётгани унинг нафақат долзарблигини, балки ижтимоий аҳамиятини ҳам янада оширмоқда. Пировардида 10 600 та умумтаълим мактаби ва 500 дан ортиқ касб-ҳунар таълим муассасаларидаги қизлар ўртасида “Саломатлик волонтёрлари” фаолияти йўлга қўйилди.
Дарҳақиқат, қизлар масаласига бундай ёндашув фақат бир йўналиш ёки алоҳида тадбир билан чекланмайди. У оила, таълим, тиббиёт, маҳалла ва жамоатчиликнинг узвий ҳамкорлигини талаб этади. Чунки соғлом ва баркамол қиз — эртанги куннинг билимли мутахассиси, ватанпарвар фуқароси, меҳрибон онаси ва жамият таянчидир. Шу боис «Оила–мактаб–тиббиёт» ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган бундай лойиҳалар қизларнинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки маънавий иммунитети, ҳаётий кўникмалари ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу борадаги давлат сиёсатининг ғоявий асослари Президентимизнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам ўзининг теран ифодасини топди. Давлатимиз раҳбари барча муҳтарама онахонлар ва қадрли опа-сингилларимизни самимий табриклар экан, шундай деган эди: «Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.» Ушбу фикрнинг ўзиёқ хотин-қизларнинг жамиятдаги беқиёс ўрни ва юксак мақомини теран очиб беради. Президентимиз нутқида, шунингдек, оналик меҳри билан 22 миллионлик ёш авлодни тарбиялаб вояга етказаётган буюк куч тимсоли сифатида аёлларга юксак баҳо берилди. Хотин-қизларнинг тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби сифатидаги улкан салоҳияти эътироф этилиб, улар хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи экани алоҳида таъкидланди.
Айниқса, Президентимиз томонидан мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш бўйича мутлақо янги тизим шакллантирилгани қайд этилгани муҳимдир. Эндиликда қабул қилинаётган қонун ва қарорларда гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизлар манфаатларига таъсири баҳоланмасдан туриб ҳеч бир қонун қабул қилинмаслиги белгиланган. Бу ёндашув давлат бошқарувида гендер масаласига формал эмас, балки мазмунан чуқур, масъулиятли ва истиқболли қаралаётганини кўрсатади.
Мазкур сиёсатнинг мантиқий давоми сифатида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар ҳам изчил кучайтирилмоқда. Хусусан, Президентнинг 2026 йил 3 мартдаги ПФ–33-сон Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Ушбу ҳужжат асосида, эрта турмуш қуриш ҳолатларининг олдини олиш тизими кучайтирилади, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича профилактик механизмлар такомиллаштирилади, вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик учун жавобгарлик белгиланади. Бу эса аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлиги ва шаънини таъминлаш борасида давлатнинг қатъий ва муросасиз позициясини яққол намоён этади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи алоҳида ташаббуслар йиғиндиси сифатида эмас, балки узоқ муддатли стратегик мақсадлар асосида юритилмоқда. 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига босқичма-босқич эришилаётгани бунинг яққол далилидир. Мазкур стратегия хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш билан бирга оила институтини мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, рақамли саводхонлигини ошириш ҳамда уларни манзилли қўллаб-қувватлаш каби қатор устувор йўналишларни қамраб олади.
Айниқса, «Ўзбекистон–2030» стратегиясидаги 25-мақсаднинг аввал фақат хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, эндиликда уни Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсади сифатида қайта белгиланганининг ўзи ҳам оиланинг жамият ҳаётидаги ўрни нақадар юксак эканини тасдиқлайди. Янги мақсадлар қаторида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқув курсларига жалб этишни жорий йилда 50 фоизга ошириш ва 2030 йилга қадар 80 фоизга етказиш, Оила ва хотин-қизлар масканларида кўрсатиладиган хизматлар кўламини 40 фоиздан 60 фоизга кўтариш, хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, рақамли саводхонлигини ошириш ҳамда эҳтиёжмандликдан чиқариш каби долзарб вазифалар белгиланган.
Стратегияда яна бир муҳим йўналиш сифатида лидер тадбиркор аёллар орқали эҳтиёжманд хотин-қизларни даромад топишга ўргатиш кўламини 100 минг нафарга етказиш, маҳаллаларда 3 940 та хотин-қизлар бандлиги ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланишга жалб этиладиган хотин-қизлар сонини ҳар йили 100 минг нафарга, жами 500 минг нафарга етказиш кўзда тутилган. Бу ёндашув бугун ҳар бир аёлнинг фаровонлиги фақат оиланинг ички масаласи эмас, балки бутун мамлакат тараққиётининг муҳим мезони ва ҳаракатлантирувчи кучи эканини англатади.
Умуман олганда, Янги Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, қизлар масаласига устувор эътибор қаратиш, оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ягона мақсадга — инсон қадрини улуғлаш, соғлом жамиятни барпо этиш ва тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга хизмат қилмоқда. Бугун қизларнинг саломатлиги, таълими, ҳуқуқий ҳимояси ва маънавий камолоти йўлида қилинаётган ҳар бир саъй-ҳаракат эртанги куннинг барқарор ва фаровон жамиятини барпо этишга қаратилган муҳим сармоядир.
Шундай экан, қизлар тарбияси, гендер тенглик ва оила барқарорлиги масалаларига эътибор кучайгани мамлакатимизнинг бугунги, эртанги истиқболини белгиловчи энг муҳим омиллардан биридир. Зеро, аёл эъзозланган, қизлар учун кенг имкониятлар яратилган, оила қадри юксалган жамиятда тараққиёт ҳам, маънавият ҳам, келажакка ишонч ҳам барқарор бўлади.
Саодат БОЙМИРЗАЕВА,
Оила ва хотин қизлар қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари