"Пахтакор" — "Сурхон" учрашувидаги баҳсли вазият бўйича расмий таҳлил эълон қилинди.
Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган баҳснинг 90+4-дақиқасида "Пахтакор" томонидан киритилган гол VAR орқали текширилди. Офсайд чизиқлари чизилгандан сўнг, "Пахтакор"нинг 17-рақамли футболчиси тўп узатилган пайтда офсайд ҳолатида бўлгани ва тўп учун фаол курашга киришгани аниқланган. VAR ҳаками бу ҳақда бош ҳакамга маълумот берган ва гол бекор қилинган.
Таҳлилга кўра, офсайд чизиқлари техник жиҳатдан тўғри чизилган. VAR ҳаками дарвоза ортидаги камера ёрдамида тўпга зарба берилган пайтни белгилаб, офсайд камераси орқали ҳимоячи ва ҳужумчига тегишли чизиқларни чизган. Ушбу жараён ҳар бир ўйин олдидан "Hawk-Eye" мутахассислари ва VAR операторлари томонидан камералар калибровкаси ҳамда синхронизацияси амалга оширилгандан кейин бажарилади.
Баҳсли эпизодда дарвозабон ва офсайд ҳолатидаги ҳужумчи ўртасидаги масофа қисқа бўлган. Дарвозабон ҳаводан келаётган тўпга эркин эгалик қилиш имконига эга бўлмаган ва у тўпга тегиши билан "Пахтакор" ҳужумчиси унга тезкор босим ўтказиб, тўп учун курашга киришган. Шу сабаб VAR ҳакамининг офсайд бўйича хулосаси тўғри деб топилган.
Бироқ асосий хато қарор қабул қилиш жараёнида юз берган. Ушбу вазиятда якуний қарорни VAR ҳаками эмас, майдондаги бош ҳакам монитор орқали эпизодни шахсан кўриб чиққандан кейин қабул қилиши лозим эди. VAR ҳаками Равшан Абдувоҳидов бош ҳакамни мониторга чақирмаган ва шу тариқа VAR протоколи талабларини бузган.
Натижада Равшан Абдувоҳидов голни офсайд деб баҳолагани учун эмас, балки VAR протоколига риоя қилмагани учун жазоланди. У Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми якунига қадар бош ҳакам ва VAR ҳаками сифатида ишлашдан четлатилди.