Наманган вилоятида истиқомат қилиб, одамларнинг пулини кўпайтириб бериш билан алдаб, уларнинг пулини ўзлаштириб олган йигит Тошкент шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган вилоятида яшовчи шахс одамларга пулини қисқа фурсатда кўпайтириб беришини айтиб, ижтимоий тармоқлар орқали уларни бир неча бор алдаб келган. Унинг ёлғонига эса мингдан ортиқ одам чув тушган.
Йигит қилган ишларини билдирмаслик мақсадида турли вилоятларда яшовчи одамлар номига олинган телефон ва SIM-карталар, шунингдек, банк карталаридан фойдаланиб келган. Ўғирлаган пулларини эса ўз манфаати йўлида ишлатиб юборган.
Унинг алдовига ишониб, 7 млн сўм пулини ўз қўли билан топширган навоийлик фуқаро алданганини билгач, Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.
Сохта трейдер Навоий вилояти ички ишлар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.