Каноэ слалом бўйича Россия терма жамоаси етакчиси Павел Эйгел спорт фуқаролигини ўзгартирди. Бу ҳақда ТАССга таяниб Кун.уз хабар берди. Эйгел Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
«Ўзбекистон терма жамоасига ўтишимнинг асосий сабаби шундаки, ўзимни ҳали ҳам халқаро майдонда муносиб натижа кўрсатишга қодир бўлган топ спортчи сифатида ҳис қилмоқдаман», деди у.
35 ёшли эшкак эшувчи ўзини ёши катта спортчи деб ҳисобламаслигини тан олди.
«Россия терма жамоаси эса ҳозир таркибни сунъий ёшартириш стратегиясига амал қилмоқда... Ўтган йили терма жамоага биринчи рақамли спортчи сифатида танлангандим, бироқ барча марказлаштирилган йиғинларга фақат ўз маблағим ҳисобидан бора олишимни айтиб, мени захирага ўтказишди», деб шикоят қилди Эйгел. Спортчининг сўзларига кўра, у мураббийлар ва федерация билан гаплашмоқчи бўлган, бироқ мулоқотдан натижа чиқмаган.
Павел Эйгел 2018 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳисобланади. У 2028 йилги Лос-Анжелес олимпиадасида медаллар учун курашмоқчи эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кейин спорт федерациялари россиялик спортчиларни халқаро мусобақалардан четлатди. Шундан сўнг, кўплаб россияликлар спорт фуқаролигини ўзгартиришга мажбур бўлди.