Бугун 12 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Нью-Йорк 11 сентябрь терактларидан кейинги «заҳарли булут» ҳақидаги махфий ҳужжатларни ошкор қилади

Нью-Йорк 11 сентябрь терактларидан кейинги «заҳарли булут» ҳақидаги махфий ҳужжатларни ошкор қилади

2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан 25 йил ўтиб, Нью-Йорк ҳукумати Жаҳон савдо маркази бинолари қулаганидан кейин ҳавонинг ифлосланишига оид ўн минглаб махфий ҳужжатларни эълон қилишга қарор қилди.

Нью-Йорк мэри Zohran Mamdani ўша пайтдаги шаҳар маъмурияти ҳаводаги асбест ва бошқа заҳарли моддалар билан ифлосланиш кўламини яширган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, аҳолига шаҳарда қолиш ва ҳаводан нафас олиш хавфсиз экани айтилган, гарчи ҳукумат мутасаддилари ҳаво ифлосланганини билган бўлса ҳам. Мэрнинг фикрича, шаҳар маъмурияти шу йўл билан фожиа оқибатлари учун ўз жавобгарлигини чеклашга уринган бўлиши мумкин.

Келаси 12 ой давомида тахминан 173 минг саҳифадан иборат ҳужжатларни эълон қилиш режалаштирилган. Уларнинг ошкор этилишини Health Watch нодавлат ташкилоти суд орқали талаб қилган.

АҚШ соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, Жаҳон савдо маркази бинолари қулаганидан кейин ҳавога тарқалган чанг ва тутун билан боғлиқ саратон ҳамда бошқа касалликлар оқибатида 9400 дан ортиқ киши вафот этган. Бу 11 сентябрь терактлари вақтида бевосита ҳалок бўлган 2977 кишидан уч баравардан кўпроқдир.

Ҳозирча ҳужжатларда кимлар аниқ айбдор экани айтилмаган. Бироқ материалларнинг ошкор қилиниши терактлар вақтида Нью-Йорк мэри бўлган Rudy Giuliani, шунингдек, унинг вориси Michael Bloomberg учун қатор муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Киритилди: 17:50 10.09.2026. Ўқилди: 558 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!