Навоий кон-металлургия комбинатининг “Пистали” конида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида икки нафар ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “НКМК” АЖ матбуот хизмати маълум қилди.
Ҳодиса 10 сентябр куни соат 15:00 ларда “Қизилқум” кон бошқармаси Автомобил транспорти бошқармасининг “Пистали” 1-транспорт цехида фойдаланилган автомобил шиналарини сақлаш майдонида содир бўлган.
Маълум қилинишича, қувур ташувчи автомашина тиркамасида шиномонтаж ишларини бажариш вақтида шина портлаган. Оқибатда икки нафар ишчи-хизматчи вафот этган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Шунингдек, назорат қилувчи давлат ташкилотлари бахтсиз ҳодисанинг сабаб ва шароитларини ўрганмоқда.
Комбинат бундай ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.