Бугун 12 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Ҳозир Яманда нима бўляпти?

Ҳозир Яманда нима бўляпти?



2026 йил сентябрь бошида Яманда 2022 йилдан бери нисбатан тинч турган фронтлар яна жиддий ҳаракатга келди. Хусийлар ғарбдаги Қизил денгиз соҳили бўйлаб ҳужумни кучайтириб, Моха (Al-Mokha) стратегик портини эгаллади ва Боб ал-Мандеб бўғози томон силжиди. 11 сентябрь куни Reuters манбалари Хусийлар Дубаб шаҳрига — Боб ал-Мандебнинг бевосита ёнидаги Перим ҳудудига етиб борганини хабар қилди. Бу жуда муҳим, чунки Боб ал-Мандеб — Қизил денгиздан Аден кўрфазига чиқиш эшиги. У орқали Европа–Осиё ўртасидаги улкан миқдордаги юк ташилади.

Хусийлар ким?

Хусийларнинг расмий номи «Ансор Аллоҳ». Улар Яманнинг шимолидаги зайдий шиалар орасидан чиққан сиёсий-ҳарбий ҳаракат. Уларнинг асосий мақсадлари:
- Яманда сиёсий ҳокимиятда катта улушга эга бўлиш;
- ўзлари коррупция ва ташқи таъсир деб ҳисоблайдиган тизимни йўқотиш;
- Саудия таъсирини Ямандан чиқариш;
- Исроилга қарши курашиш.
Эрон Хусийларни қўллаб-қувватлайди — қурол, технология, разведка ва бошқа ёрдамлар беради. Аммо «Хусийлар Эроннинг қўғирчоғи, нима деса шуни қилади» дейиш хато. Улар ўзининг Яманга оид сиёсий ва ҳарбий мақсадларига эга.

Уруш аслида қандай бошланган?

2011 йил — Араб баҳори Яманга ҳам етиб келди. Узоқ йиллар мамлакатни бошқарган президент Али Абдулла Солиҳ ҳокимиятдан кетди. Унинг ўрнига Абдураббуҳ Мансур Ҳодий келди. Лекин мамлакатда иқтисодий, сиёсий ва диний зиддиятлар ҳал бўлмади. 2014 йилда Хусийлар Яман пойтахти Санъони эгаллади. Ҳодий ҳукумати мамлакатнинг катта қисмини назорат қила олмай қолди. Шундан кейин Яман амалда бир нечта кучлар ўртасида бўлиниб кетди.

Саудияга нима гап бор бу ерда?

Яман Саудия Арабистонининг жанубий қўшниси. Саудия учун Хусийларнинг ҳокимиятга келиши икки сабаб билан хавфли эди: Биринчиси — хавфсизлик. Хусийлар Саудия чегарасига яқин ҳудудларни назорат қилмоқда. Иккинчиси — Эрон. Расмий Ар-Риёд Хусийларни Эроннинг Ямандаги таъсир воситаси деб кўради. Шунинг учун 2015 йилда Саудия бошчилигидаги коалиция Яманга ҳарбий аралашди ва Хусийларга қарши уруш бошлади. Шундай қилиб, ички Яман уруши аста-секин Саудия–Эрон прокси рақобатига ҳам айланди.

2022 йилда Хусийлар ва Саудия ўртасидаги фронтлар деярли музлаган эди. Катта жанглар тўхтаган. Лекин 2026 йилда минтақадаги катта геосиёсий вазият ўзгарди. Эрон билан АҚШ/Исроил ўртасидаги уруш кучайди. Хусийлар ҳам минтақавий можарога яна фаолроқ аралашди. Шундан кейин Хусийлар ва Саудия қўллаб-қувватлаётган Яман кучлари ўртасидаги муносабат яна кескинлашди. Июль ойида Санъо аэропорти атрофидаги воқеалардан кейин Хусийлар Саудияга қарши ракеталар билан жавоб берди. Бу 2022 йилдан бери энг жиддий эскалациялардан бири бўлди.

Саудия учун вазият жуда ноқулай.

Улар бир томондан Яманда катта урушни қайта бошлашни хоҳламайди. Чунки Саудия 2022 йилдан кейин Хусийлар билан келишувга эришишга ҳаракат қилган. Аммо Хусийларнинг Боб ал-Мандебга яқинлашиши Риёд учун катта хавф. Хусийлар Саудия ҳудудига ҳам ракета ва дронлар билан зарбалар бермоқда. 11 сентябрь куни Reuters маълумотларига кўра, Саудия қиролзода Муҳаммад бин Салмон Трамп билан икки марта телефонлашиб, Хусийларга қарши АҚШ зарбаларини сўраган. Демак, вазият яна АҚШ–Саудия–Эрон–Хусийлар қарама-қаршилигига айланиши мумкин.

Агар Хусийлар Боб ал-Мандеб бўғозига тўлиқ ёки қисман назорат ўрнатса, бу можаро бутун дунё иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин.

Чунки бу ҳолатда Қизил денгиз ва Суэц канали орқали юк ташиш яна кескин қисқариши, кемалар Африка атрофидан айланиб ўтиши ва нефть нархининг кўтарилиши эҳтимоли бор. Шунинг учун бугунги Яман воқеаларига фақат «Ямандаги фуқаролик уруши» деб қараш нотўғри. Яман ҳозир Эрон–Саудия рақобати, Исроил–Ғазо уруши ва жаҳон савдо йўллари кесишган нуқтага айланиб қолган. Бугунги энг жиддий хавф эса Хусийларнинг Боб ал-Мандебга яқинлашганидир.

Киритилди: 16:20 11.09.2026. Ўқилди: 1029 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!