Бугун 27 январь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Нипах вирусининг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиш эҳтимоли борми?

Нипах вирусининг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиш эҳтимоли борми?

✅ Сўнгги кунларда айрим интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонда Нипах вируси кенг тарқалаётгани ҳамда у оғир оқибатларга олиб келиши ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.

❓Хўш, нипах қандай вирус? У қай ҳолларда юқади? Вируснинг Ўзбекистонда тарқалиш эҳтимоли борми?

📌 Ушбу саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков батафсил жавоб берди.

💬 — Аввало шуни айтиш керакки, мамлакатимизда Нипах вируси билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Боиси унинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалиш эҳтимоли жуда паст.

🌏 Шу билан бирга, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу вирус дунёда ҳам кенг кўламли эпидемия ёки пандемия келтириб чиқариш эҳтимоли йўқлигини таъкидламоқда.

🦇Гап шундаки, Нипах илк бор қарийб 30 йил аввал аниқланган бўлиб, хавфли вируслар тоифасига киради. У асосан, кўршапалаклар ва чўчқалар орқали юқади. Айниқса, кўршапалаклар тишлаган ёки тирноқ изи тушган меваларни истеъмол қилиш, шу ҳайвонлар билан яқин ва мунтазам мулоқотда бўлиш вирус юқиш хавфини оширади.

👨‍⚕️ Шунингдек, айрим ҳолларда у одамдан одамга ҳам юқиши мумкин. Бу эса, асосан, бемор билан яқин алоқада бўлганларда кузатилади. Шу жумладан, тиббиёт ходимлари ҳам хавф гуруҳига киради.

🧠 Ушбу вирус кўп ҳолларда яширин ёки симптомсиз кечади. Унинг оғир шаклида бош мия қобиғининг яллиғланиши (менингоэнцефалит), жигар, буйрак ва талоқ фаолиятининг бузилиши каби жиддий белгилар ҳамда баъзида ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.

💉 Афсуски, дунёда Нипах вирусига қарши алоҳида вакцина ишлаб чиқилмаган. Муолажа жараёни, асосан, симптоматик, яъни бемордаги белгиларга қараб олиб борилади.

🇮🇳 Бу вируснинг мамлакатимизга кириб келиш эҳтимоли жуда паст бўлса-да, шу кунларда Ҳиндистонга боришни режалаштираётган юртдошларимизга бир нечта профилактика чораларини кўриш тавсия этилади.

🧼 Хусусан, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлларни совун ёки антисептик воситалар билан тозалаш, мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал яхшилаб чайиш, текширилмаган сувни ичмаслик, кўршапалаклар тирнагани ёки тишлагани эҳтимоли бўлган меваларни истеъмол қилмаслик лозим.

🌡️ Агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи ёки бошқа касаллик белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.

‼️ Маълумот ўрнида: айни пайтда юртимизда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш ҳамда четдан кириб келиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш мақсадида 54 та чегара пунктида доимий назорат олиб борилмоқда.

Киритилди: Бугун 13:55. Ўқилди: 415 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!