Иқтисодий таҳлилчи Миркомил Холбоев Миллий статистика қўмитаси тақдим қилган жорий йилда никоҳланувчилар сонига доир рақамларни таҳлил қилди.
Унинг ёзишича, никоҳларнинг камайишида (худди туғилишлар каби) эътибор бериш керак бўлган муҳим жиҳат мавжуд.
«Бир қарашда никоҳлар сонининг пасайиши яқин келажакда жиддий демографик муаммолар юза келишига ишора қилаётгандек. Хусусан, 9 ойлик кўрсаткичлар 2021 йил билан таққослаганда 206,8 мингдан 177 минггача ёки 14 фоизга пасайган.
Лекин никоҳланувчиларнинг ўртача ёшига эътибор қаратилса, кўрамизки, ўртача ёш пасайиш тенденциясини намоён қилмоқда. Хусусан, 2021 йил билан таққослаганда (йиллик кўрсаткич) эркакларнинг ўртача турмуш қуриш ёши 26,5 дан 26,2 гача пасайган бўлса, аёлларнинг ўртача ёши 22,3 дан 21,8 гача пасайган. Яъни нормал шароитда никоҳланувчиларнинг ўртача ёши пасайиши умумий никоҳлар сонининг ортишига олиб келиши керак эди», – деб ёзади Холбоев.
Лекин, иқтисодчининг таъкидлашича, Ўзбекистонда никоҳлар сони кетма-кет 4 йилдан буён қисқармоқда. Бу ҳолат бошқа бир неча кичик факторлар (масалан иккинчи турмушлар сони) қатори ҳозирги турмуш қуриш ёшидаги авлоднинг умумий сони олдинги авлодга нисбатан камлиги билан изоҳланади.
«Чунки улар мустақилликдан кейинги чуқур демографик пасайишнинг «энг чуқур» йилларида туғилган.
Масалан, никоҳланувчи эркакларнинг ўртача ёшига кўра қаралса, 1999 йилда 558 минга туғилишлар қайд этилиб, 1998 йилга нисбатан 3,8 фоизга, 1991 йилга нисбатан эса 21,6 фоизга қисқарган. Бугунга келиб айни шу авлод турмуш қуриш ёшида. Яъни уларнинг умумий сони олдинги авлодга нисбатан камроқлиги никоҳлардаги пасайишни ҳам келтириб чиқармоқда», – дейди М.Холбоев.
Иқтисодчининг хулоса қилишича, ҳозирги туғилиш ёки никоҳлардаги пасайишлар чуқур демографик муаммолар юзага келаётганлигини кўрсатмайди балки кўпроқ «мавсумий» характерга эга.