Бугун 9 январь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАР ҚАЙСИ ТУМАНДА КАМАЙГАН ВА АКСИНЧА?

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАР ҚАЙСИ ТУМАНДА КАМАЙГАН ВА АКСИНЧА?

Бугун Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида хабар бериш мақсадида брифинг ташкил қилинди.

Унда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов ва Тошкент шаҳар маъмурий суди раисининг ўринбосари Ғолибжон Давлатов сўзга чиқишди.

Брифингда маълум қилинишича, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳисобот даврида жами 44 033 та фуқаролик иши тамомланган бўлиб, ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 270 тага ёки 85,3 фоизга кўпайган (2021 йил 1-ярмида бу кўрсаткич 23 763 тани ташкил этган).

Жами тамомланган 44 033 та ишдан 31 529 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шундан 28 606 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 2 923 таси рад этилган, 420 та иш юзасидан иш юритиш тугатилган, 4 978 та ариза кўрмасдан қолдирилган, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларига доир 76 та иш ва 7 030 та материал кўрилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 1-ярмида 20 937 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, 2021 йилнинг шу даврига (12 143 та) нисбатан 2 820 тага ёки 72,4 фоизга кўпайган, шундан 2 537 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, 888 таси иш ҳақи ундириш, 1 249 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш, 13 101 таси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш, 3 162 таси ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар бўйича суд буйруқларини ташкил этган.

КРЕДИТ, ҚАРЗ, НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛМАЛАРНИ БУЗИШ ВА КОММУНАЛ ҚАРЗДОРЛИКНИ УНДИРИШ...

Шунингдек, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов кўрилган ишларнинг таҳлилига тўхталиб, 2021 йилниг 1-ярмига нисбатан жорий йилнинг 1-ярмида қайси тоифа ишлар сони камайганини маълум қилди:

  • Ижара шартномаси билан боғлиқ низолар 252 тадан 181 тага (-71 та);
  • ишга тиклаш ҳақидаги ишлар 254 тадан 188 тага (-66 та);
  • жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш 64 тадан 16 тага (-48 та);
  • уйдан кўчириш 242 тадан 203 тага (-39 та);
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш 80 тадан 43 тага (-37 та);
  • уйга киритиш ҳақидаги ишлар 263 тадан 229 тага (-34 та);
  • мулкни ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олиш 70 тадан 43 тага (-27 та);
  • фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки лаёқатсиз деб топиш 147 тадан 129 тага (-18 та);
  • атроф-муҳит, тарихий, маданий ёдгорликларга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 8 тадан 4 тага (-4 та);
  • фарзандликка олшиш ҳақидаги ишлар 192 тадан 189 тага (-3 та) камайган.

Шу билан биргаликда қуйидаги тоифа ишлар сони кўпайган:

  • Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар 10.951 тадан 19.260 тага (+8.309 та);
  • қарз ундириш ҳақидаги ишлар 988 тадан 1.977 тага (+989 та);
  • ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 695 тадан 1.653 тага (+958 та);
  • коммунал қарздорлик билан боғлиқ ишлар 107 тадан 743 тага (+636 та);
  • уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишлар 694 тадан 896 тага (+202 та);
  • никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 3.850 тадан 3.974 тага (+124 та);
  • иш ҳақи ундириш ҳақидаги ишлар 202 тадан 337 тага (+135 та);
  • қонунга хилоф тарзда жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 77 тадан 97 тага (+20 та);
  • мерос билан боғлиқ ишлар 153 тадан 264 тага (+111 та);
  • ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш 133 тадан 157 тага (+24 та) кўпайган.

Юқоридаги маълумотлардан, 2022 йилнинг 1-ярмида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан кредит, қарз, ноқонуний қурилмаларни бузиш ва коммунал қарздорликни ундиришдан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ошганлиги кўринади.

— Таҳлилидан кўринишича, кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникалар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келади. Шу билан бирга, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар ўтган йиллардаги эпидемиологик вазият сабабли аҳоли даромадининг нисбатан камайганлиги ва тўлов қобилиятининг пасайганлиги билан боғлиқдир, - дейди Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Шуҳрат Аббасов.

Қолаверса, 2022 йилнинг 1-ярмида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда 3 850 тадан 3 974 тага (124 та ёки 3,2 фоиз)га кўпайгани ҳам айтиб ўтилди. Шундан қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йил 1-ярмида 1789 та ёки 46,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1-ярмида 1783 та ёки 45,0 фоизни ташкил этган.

Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилнинг 1-ярмида 2191 тани ёки 55,0 фоизни ташкил этган (2021 йил 1-ярмида 2061 та ёки 53,5 фоиз).

Никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 3974 та ишнинг 2 215 таси (55,7 фоиз) бўйича аёллар, 1 759 таси (44,3 фоиз) бўйича эркаклар даъвогар сифатида қатнашган. Энг ачинарлиси, никоҳдан ажратилган оилаларнинг 2 113 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган, - дейди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов.

2022 йилниг 1-ярмида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларини Тошкент шаҳрининг туманлар кесимида таҳлил қилинганда,

  • Сергели тумани бўйича 294 (216) та,
  • Шайхонтоҳур тумани бўйича 524 (483)та,
  • Янгиҳаёт тумани бўйича 160 (122) та,
  • Чилонзор тумани бўйича 403(374) та,
  • Олмазор тумани бўйича 349(325) тани ташкил этган.

Шунингдек, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар Яккасарой тумани бўйича 141 (172) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 тага камайганлигини таъкидлаш зарур.

Брифингда оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун Тошкент шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинаётгани, оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказ”ларига яраштириш учун муҳлат тайинлангани ва рад этилган ишлар юзасидан хатлар юборилиши алоҳида таъкидланди.

24 565 000 000 СЎМ МАЪНАВИЙ ЗАРАР УНДИРИЛДИ

Маълумки, кейинги йилларда судлар томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида кўплаб оқлов ҳукмлари қабул қилинди. Бу ўз навбатида фуқаролик ҳуқуқий оқибатларини ҳам келтириб чиқармоқда. Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 97 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 78 таси ёки 80,4 фоизи қаноатлантирилиб, фуқароларнинг фойдасига 24 565 000 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган (13 та иш қаноатлантиришдан рад этилган, 5 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган).

Шунингдек, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида интеллектуал мулк ҳуқуқидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ 5 та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, шундан 3 таси қаноатлантирилиб, 100 000 000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган, 1 та даъво ариза қаноатлантиришдан рад этилган ва 1 таси иш юритишдан тугатилган.

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ ҲАҚИДАГИ НЕЧТА АРИЗАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛГАН?

Маълумки, фарзандликка олиш ҳақидаги аризаларни кўриш Қонун билан судлар ваколатига берилган. Маълум қилинишича, мазкур даврда судлар томонидан 189 та фарзандликка олиш ҳақидаги аризалар кўриб чиқилган. Шундан 167 таси қаноатлантирилган, 5 таси рад этилган, 16 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган.

НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАР ҚАЙСИ ТУМАНДА КАМАЙГАН ВА АКСИНЧА?НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАР ҚАЙСИ ТУМАНДА КАМАЙГАН ВА АКСИНЧА?НИКОҲДАН АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАР ҚАЙСИ ТУМАНДА КАМАЙГАН ВА АКСИНЧА?

Киритилди: 16:17 27.07.2022. Ўқилди: 2106 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!