Исроил ҳукуматнинг Нагел қўмитаси Туркия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида баёнот берди, деб хабар бермоқда Тhe Jerusalem Post.
Қўмитага кўра, Анқара Усмонийлар империяси давридаги таъсирини тиклашга интилаётган бўлиб, бу Исроил билан можарога олиб келиши мумкин. Туркия Суриядаги кучлар билан иттифоқ тузиши, улар эса ҳудудий беқарорликни кучайтириш учун воситачи сифатида ҳаракат қилиши мумкин.
"Сурия ва Туркиядан келаётган таҳдид Эрон таҳдидидан ҳам хавфлироқ бўлиб кетиши мумкин", дейилади кеча Исроил раҳбариятига тақдим этилган ҳисоботда.
Қўмита Исроил мудофаа бюджетига кўпроқ маблағ ажратишни, авиация, дронлар, сунъий йўлдошлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа қурол-яроғларни кўпроқ сотиб олишни таклиф қилмоқда.
"Яқин Шарқда асосий ўзгаришларни кузатиб боряпмиз. Эрон узоқ вақт давомида энг катта таҳдидимиз бўлиб келган, аммо янги кучлар майдонга чиқмоқда ва биз кутилмаган вазиятларга тайёр бўлишимиз керак. Ушбу ҳисобот Исроил келажагини таъминлаш учун йўл харитасини тақдим этади", — деди бош вазир Бинямин Нетаняҳу.
Эслатиб ўтамиз, Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгандан сўнг, Исроил Голан тепаликларидаги буфер зонасига қуруқликдан бостириб кирган эди.