Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев тадбиркорга тегишли савдо дўкони фаолиятини асоссиз тўхтатгани учун суд қарорига кўра жавобгарликка тортилди.
Ҳоким “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларини бузиб, тадбиркорга тегишли савдо дўкони фаолиятини тўхтатиш ҳақида ноқонуний топшириқ бергани учун президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг вилоят шўбаси бош инспектори Шероз Шодиев қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида яъни 15 миллион сўм жаримага тортилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2024 йил 4 ноябрдаги қарорига асосан бизнес омбудсманнинг ушбу қарори ўзгартирилиб, жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 1 миллион 875 минг сўмга ўзгартирилган.
Мазкур иш 2024 йил 27 декабрь куни Қашқадарё вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида ҳам кўриб чиқилди. Судья Махфират Очилова раислигидаги судлов ҳайъати ҳуқуқбузар Нормўмин Холбоевнинг шикоятини рад этиб, унинг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида келтирилган Халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги даъвосини рад қилди, дейди манба.
Манбанинг тушунтиришича, кассация инстанцияси судида гувоҳ — ҳокимни жавобгар қилган бизнес омбудсман вакили Шероз Шодиев ҳолатни тўлиқ ўрганиб чиққанини, тадбиркор Х.Ҳайдаровга тегишли савдо дўкони биноси Қарши шаҳри ҳудудида эмас, Қарши тумани ҳудудида жойлашганлигини, қолаверса, ҳоким тадбиркорга тегишли савдо дўкони фаолиятини тўхтатишга топшириқ бериб ноқонуний ҳаракат қилганини, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи видеотасвирлар ҳам мавжудлигини гапириб берган.
Бизнес омбудсман ҳоким вакилининг мансабдор жаримага тортилганидан бехабар қолган, ўзи чақирилганмаган ҳолда жавобгар қилинган деган гапига жавобан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилиши ҳамда иш кўриб чиқилиши ҳақида ҳокимга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилган ҳолда edo.ijro.uz сайти ҳамда Telegram ижтимоий тармоғи орқали хабар берилганини, бироқ Нормўмин Холбоев етиб келмаганлигини, шу сабаб унга нисбатан маъмурий баённома унинг иштирокисиз тузилганлигини, ҳокимнинг шикоятидаги важлар билан келишиб бўлмаслигини айтди, дейди ахборот манбаси.
Кассация инстанцияси Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2024 йил 4 ноябрдаги ҳокимга нисбатан чиқарилган қарорини ўзгаришсиз қолдириб, шикоятни рад этди.