Нигерияда Нигер дарёсида қайиқнинг ағдарилиши оқибатида 27 киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда “Ал-Жазира” телеканали хабар бермоқда.
200 га яқин йўловчи бўлган қайиқ 28 ноябрь куни ҳаракатланаётганда ағдарилиб кетган.
Нигер фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакили Иброҳим Аудунинг сўзларига кўра, йўловчиларнинг ярмидан кўпи бедарак йўқолган. 29 ноябрь оқшомида қутқарувчилар 27 кишининг жасадини дарёдан олиб чиқишга муваффақ бўлди.
Ҳодиса сабаблари ҳозирча номаълум, бироқ қайиқ дарёдаги турбулентлик ёки унинг ёши билан боғлиқ техник носозликлар туфайли ағдарилиб кетиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Штат расмийларининг фикрича, қайиқдаги барча йўловчилар учун қутқарув жилетлари йўқлиги одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган.
Нигерия Фавқулодда вазиятлар миллий агентлиги операциялар бўлими раҳбари Жастин Увазуруне қутқарувчилар бир неча соат давомида авария жойини аниқлай олмаганини таъкидлади.
Қутқарув ишлари давом этмоқда, бироқ омон қолганларни топиш имконияти камаймоқда.