Нигерия шимоли-шарқида “Боко Ҳарам” террорчилик гуруҳи ҳужуми оқибатида 63 киши, жумладан беш нафар аскар ҳалок бўлди.
Борну штати губернатори Бабагана Зулум 5 сентябр куни ҳужум содир бўлган Бама туманидаги Даражамал қишлоғига ташриф буюриб, қурбонлар сонини тасдиқлади ва воқеани фожиа деб атади.
“Бу жамоа бир неча ой олдин бу ерга жойлашиб, оддий ҳаёт кечираётган эди. Афсуски, улар “Боко Ҳарам” томонидан ҳужумга учради. Ташрифимизнинг мақсади — халқни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мустаҳкамлигини ошириш”, — деди Зулум.
Губернатор минтақадаги беқарорликка қарши кураш қийинлигини қайд этиб, заиф жамоаларни ҳимоя қилиш учун тезлик билан кўпроқ армия бўлинмаларини сафбарвар этишга чақирди.
Бир кун аввал Нигерия ҳарбий-ҳаво кучлари Бама ҳудудидаги Дар ал-Жамол қишлоғига ҳаво ҳужуми чоғ‘ида 30 нафар жангарини йўқ қилганини маълум қилган эди.
“Боко Ҳарам” 2000-йилларнинг бошидан буён Нигерияда фаолият юритиб келади. 2009-йилдан бери гуруҳ кенг кўламли ҳужумлари натижасида ўн минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди.
2015-йилдан буён жангарилар ўз ҳаракатларини Нигериядан ташқарига кенгайтириб, қўшни Камерун, Чад ва Нигерга ҳам ҳужум қилди. Чад кўли ҳудудида амалга оширилган ҳужумлар камида 2000 кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Террор ҳужумлари ва қуролли тўқнашувлар сабаб юз минглаб нигерияликлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.