Нидерландия ҳукумати мамлакат байроғи остида сузувчи кемалар орқали Исроилга ҳарбий юклар ташилишига аралашиш имкониятига эга эмас. Бу юк Нидерландиядан экспорт қилинмаган ёки мамлакат ҳудуди орқали транзит ўтмаган ҳолатларга тааллуқли.
Бу ҳақда Нидерландиянинг ташқи савдо ва тараққиёт бўйича ҳамкорлик вазири Сьорд Сьордсма парламентга йўллаган мактубида маълум қилди.
Ҳужжатда ушбу масала Исроилнинг Ливан ва Ғазо секторида олиб бораётган ҳарбий амалиётлари фонида Нидерландиянинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенциядан келиб чиқувчи мажбуриятлари нуқтаи назаридан баҳоланган.
Қайд этилишича, Нидерланднинг экспорт назорати қоидалари фақат мамлакатдан ҳарбий маҳсулотлар экспортига, шунингдек, Нидерланд ҳудудида юк туширилиб, бошқа транспорт воситасига қайта юкланадиган транзит ташувларига нисбатан қўлланади.
Нидерланд ҳудудидан ташқарида мамлакат байроғи остида сузувчи кемаларда ташилаётган юкларга эса маҳсулот экспорт қилинаётган давлатнинг экспорт қонунчилиги татбиқ этилади.
Шу билан бирга, Нидерланд Исроилга ҳарбий маҳсулотларни экспорт қилиш ва транзит қилишга фақат улардан мутлақо мудофаа мақсадларида фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатларда рухсат беради. Ҳужжатда бунга мисол сифатида «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун мўлжалланган компонентлар келтирилган.
Шунингдек, Исроилда бевосита жанговар мақсадларда фойдаланиш кўзда тутилмаган, ишлаб чиқариш, техник хизмат кўрсатиш ёки намойиш мақсадларига мўлжалланган ҳарбий маҳсулотларга ҳам тегишли рухсатномалар берилиши мумкинлиги қайд этилган.