Исроил бош вазири бу ҳақда Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида бўлиб ўтган конференциядаги нутқида маълум қилди.
"Биз Ғазонинг 50 фоизини назорат қилаётган эдик, кейин 60 фоизини эгалладик. Менинг буйруғим – 70 фоизга яқинлашиш, ишни мана шундан бошлайлик. Биз ҲАМАСни ҳар томондан сиқиб бормоқдамиз. Уларнинг қолдиқлари билан ҳам шуғулланамиз", — деди Нетаняҳу.
Тингловчилардан бири Исроил Ғазонинг бутун ҳудудини эгаллаши кераклигини ҳайқириб айтганида, Исроил ҳукумати раҳбари бу йўналишда ҳам иш олиб борилаётганини таъкидлади.
Reuters'нинг ёзишича, ҳозирда Исроил Ғазо сектори ҳудудининг 64 фоизини эгаллаб турибди. Аммо The Wall Street Journal нашри 25 май куни бошқа рақамларни келтирган. Газета маълумотларига кўра, 2026 йилнинг май ойига келиб ЦАХАЛ ҳудуднинг 59 фоизини назорат қилаётган бўлган.
2025 йилнинг октябр ойида Исроил ва ҲАМАС ўртасида келишув имзоланган пайтда Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ғазонинг 53 фоизини эгаллаб турган эди. Ушбу ҳужжат Исроил армияси аввалдан келишилган чизиққача ортга чекинишини ва натижада назорат остидаги ҳудуднинг қарийб 20 фоизини йўқотишини кўзда тутганди.
Бироқ нашр манбаларининг сўзларига кўра, ЦАХАЛ турли участкаларда бу чизиқни бир неча бор суришни давом эттирган. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар ҳам Исроил ушбу чизиқни фаол равишда мустаҳкамлаётгани ва янги ҳарбий таянч пунктларини қураётганини кўрсатмоқда.